ССВ: Ўзбекистонда коронавируснинг “британча штамм”и қайд этилди

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда илк бор коронавируснинг “британча штамм”и қайд этилганлиги ҳақида хабар берди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев хабарига кўра, 2010 йилда туғилган пойтахтлик фуқаро Ш. оила аъзолари билан биргаликда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига сафар қилиб, 2021 йилнинг 23 январь куни Тошкентга қайтган.

Ўрнатилган тартибга кўра, халқаро аэропортда фуқародан экспресс усулида тест олинганда, унда мусбат натижа қайд қилинган. Шундан сўнг, бемор зудлик билан юқумли касалликлар шифохонасига тез ёрдам машинасида олиб келинган. Шифохонада ўша куннинг ўзида функционал-клиник текширувлардан ўтказилган ва унга “COVID-19”нинг симптомсиз кечиши ташхиси қўйилган.

— SARS-CoV-2 вируси геномини ўрганиш учун Инновацион ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказига юқумли касалликлар шифохонасидан ПЗР усулида олинган 33 та мусбат натижали томоқ-бурун намунаси “британча штамм”ни аниқлаш мақсадида юборилганди, — дейди Баҳодир Юсупалиев. — Ушбу намуналар ПЗР скрининги орқали биринчи босқич текширувидан ўтказилган. Натижада, улар орасида мутацияга учраган намуналар ҳам аниқланган. Куни кеча иккинчи тест босқичида мутация аниқланган намуналардан бирининг геном қисмларида “британча  штамм”га хос бўлган қўшимча мутация мавжудлиги тасдиқланган. Бу намуна эса 10 ёшли бемор Ш. (қиз бола)га тегишли экани маълум бўлган.

Ҳозирда беморнинг умумий ҳолати қониқарли, шикоятлари йўқ, тегишли тиббий стандартлар бўйича даво муолажаларини олмоқда. Бемор билан бирга бўлган оила аъзоларида манфий натижа аниқлангани сабабли уй шароитида изоляцияга рухсат берилган.”

Шу билан бирга Вазирлик фуқаролардан зарурат бўлмаганда чет эл сафарларига вақтинча чиқмай туришларини сўраган.