Америкада бир умр яшашга розимисиз?

Телеграм каналимда “Америкада бир умр яшашга розимисиз?” деган сўров ўтказдим. Унда 1500 дан ортиқ одам қатнашди. Қатнашчиларнинг 43 фоизи «Ҳа» деб, 19 фоизи «Йўқ» деб жавоб берди. 38 фоизи “5-10 йил яшаб, пул тўплаб, кейин ортга қайтган бўлардим”, деди.

Демак, Америкада бутунлай қолиб кетишни хоҳловчилар энг катта гуруҳни ташкил этмоқда. Камида 81 фоиз одам Америкага келишни истайди. 19 фоиз орасида ҳам Америкага келишни хоҳлайдиганлар, лекин мақсадлари қолган икки жавобга мос келмагани учун «Йўқ» жавобини танлаганлар бўлиши мумкин.

Сўров рақамларига ишонсак, 40 фоизга яқин ўзбекистонлик Америкада бир умр қолиб кетишни истамайди. Бу кичик рақам эмас. Лекин амалдачи?

Амалда Америкага келиб, бу ерда доимий яшаш ҳуқуқини олганларнинг 99 фоизи доимий қолиб кетади. Албатта, келажакда кўпи қайтади, дейишингиз мумкин. Лекин бу ерда қанча узоқ қолсангиз, ортга қайтишингиз шунча қийинлашади. Айниқса, оила билан.

Кеча Америкадаги ўзбекистонликлар жамияти етакчилари – Чикагодаги Ўзбек-Америка ассоциацияси президенти Олим Шарипов ва “Сиетл ўзбек маҳалласи” жамияти раиси Фазлиддин Шамсиев билан суҳбатлашдим (https://youtu.be/K_-R2seN128). Уларнинг энг катта хавотири нима, биласизми?

Америкадаги ўзбек муҳожирларининг фарзандлари ўзбек тилини унутяпти, ўзини ўзбек, Ўзбекистонга мансуб деб билмайди. Уларнинг фарзандларичи? Ўзбек диаспораси Америка жамиятига сингиб йўқ бўлиб кетадими? Менинг тахминим: ҳа, йўқ бўлиб кетади…

Америкада моддий тўкинликда яшайсиз. Яхши уй, қимматбаҳо машина, ҳар йили камида бир марта дам олиш учун саёҳат, хуллас, тўкин ҳаётнинг ҳамма шароитлари муҳайё. Лекин, фарзандларингиз ўзбек тилини унутади, Ўзбекистонни эсдан чиқаради, ўзини америкалик деб билади ва динини ҳам бой бериши мумкин.

Кимлар учундир бу табиий ҳолат, муаммо эмас. Муҳими яхши инсон бўлсин, миллати, дини, тили муҳим эмас, дейишади. Кимлар учундир эса бу жиддий масала.

Америкага келаётганларнинг аксарияти бу ҳақда ўйламайди. Ўйлаган тақдирда ҳам, фарзандим ҳеч қачон тилини, динини эсдан чиқармайди, қаттиқ тураман, дейди. Аммо амалда уларнинг 90 фоизи буни эплай олмайди.

АҚШдаги ўзбекистонликлар авлодининг қанчаси тилини ёки динини унутгани ҳақида сўровлар ёки тадқиқотлар ўтказилмаган.

12 йиллик Америкадаги ҳаётим, кўрган-кечирганларим асосида сизга ўз тахминий рақамларимни фоиз кўринишида тақдим этаман (динига, тилига, маданиятига ўта қаттиқ эътибор қаратмайдиган ўрта ҳол ўзбекистонликлар ҳақида бу):

Ўзбекистонлик муҳожирларнинг Америкада туғилиб ўсган фарзандлари:

– ота-онаси тилини унутиши эҳтимоли: 80-90 фоиз;

– ўзини Ўзбекистонга мансуб деб билмаслик эҳтимоли: 99 фоиз;

– динини унутиши эҳтимоли: 50 фоиз.

Ўзбекистонлик муҳожирларнинг Америкада туғилиб ўсган набиралари:

– бобо-бувиси тилини унутиши эҳтимоли: 99 фоиз;

– ўзини Ўзбекистонга мансуб деб билмаслик эҳтимоли: 100 фоиз;

– динини унутиши эҳтимоли: 90 фоиз.

Демак, икки авлод алмашиши билан сиз ёки асрлар давомида сизнинг аждодларингиз ташиган ўзлик бой берилади.

Шу саволни сизга яна бераман: Америкада бир умр яшашга розимисиз?

Бегзод Мамадиев,
журналист,
“Vashington kundaligi” блоги муаллифи.