Ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олиши АҚШда қандай чекланган

Мянмада ҳарбий тўнтариш юз берди. Армия ҳокимиятни эгаллаб олган. Президент, вазирлар, ҳукмрон «Демократия учун миллий лига» партияси етакчиси, Тинчлик учун Нобел мукофоти лауреати Ау Сан Су Чи қамоққа олинган.

Ҳарбийлар давлат тўнтаришини ноябрь ойида ўтган парламент сайловлари натижаларининг сохталаштирилгани билан асосламоқда. Миллий лига 83 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозонган эди. Сайлов комиссияси жараён қонун доирасида ўтган дея хулоса қилган.

Мамлакатда ҳарбий тўнтариш биринчи марта юз бериши эмас. 1962 йилда ҳам ҳокимиятни армия эгаллаб олган эди. Уларнинг ҳукмронлиги 2011 йилгача давом этган.

Мамлакатда фуқаролик бошқаруви узоққа бормади, 2021 йил бошида яна ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олди.

Умуман, замонавий тарихда кўплаб мамлакатларда ҳарбий тўнтаришлар юз бериб туради. Миср ва Туркияда юз берган сўнгги воқеаларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Одатда, деярли барча мамлакатларда давлат раҳбари, яъни президент олий бош қўмондон бўлсада, амалда ҳақиқий куч генералларда, армияни бевосита бошқарувчи қўмондонларда бўлади.

АҚШда ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олиши эҳтимолининг олдини олиш учун, яъни ҳарбийлар устидан фуқаролик назоратини ўрнатиш мақсадида ҳарбий хизматдагиларнинг мудофаа вазири бўлиши қонун йўли билан тақиқлаб қўйилган. Мудофаа вазири лавозимига тасдиқланиш учун номзод ҳарбий бўлмаслиги ёки ҳарбий хизматдан кетганига камида 7 йил тўлган бўлиши керак.

Агар ҳарбий хизматдан кетганига етти йил тўлмаган бўлса, Конгресс номзод учун махсус қарор чиқариб, уни етти йиллик талабдан истисно қилиши керак. Жо Байден томонидан мудофаа вазири этиб тайинланган Ллойд Остин учун шундай истисно эълон қилинди.

Б.Мамадиев,
“Vashington kundaligi” блогидан.