Қўшма Штатлар Россияни киберхавфсизлик бўйича мулоқотни қайта бошлашга чақирмоқда

НАТО Бош котибининг собиқ ўринбосари Роуз Геттемюллер Россия ва АҚШ кибертехнологиялар соҳасида ўйин қоидаларини муҳокама қилишга қайтишлари кераклигини айтди.

Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги илгари “СТАРТ-3” шартномаси бўйича музокараларда АҚШ делегациясига раҳбарлик қилган Геттемюллернинг сўзларини келтиради: “(Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари) Сергей Рябков ўзининг сўнгги баёнотларида ушбу мавзуни эслатиб ўтди. Мен ушбу масалани муҳокама қилишга қайтиш зарурлигига қўшиламан”.

НАТО вакили ушбу соҳада бошқа томоннинг ишини ҳар тарафлама назорат қилишнинг иложи йўқлигини билдириб, шу билан бирга илгари бўлиб ўтган музокаралар ўзаро алоқаларни ривожлантириш учун асосий принциплар ва процедураларни ишлаб чиқишда олдинга силжиш имконини берганини таъкидлаган.