Байден маъмурияти журналист Қошиқчини ўлдиришга буйруқ берилгани бўйича разведка ҳисоботини эълон қилади

“Вашингтон Пост” газетаси АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти келаси ҳафта саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши тўғрисида разведка ҳисоботини нашр этиши ҳақида хабар берди.

Вашингтон Пост газетаси жума куни ушбу масала билан таниш манбаларга асосланиб, АҚШ разведка идораларининг шу иш бўйича баёноти келаси ҳафта бошида эълон қилинишини маълум қилган.

Унинг таъкидлашича, “узоқ кутилган” ҳужжатда Қошиқчи Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмоннинг буйруғи билан 2018 йилда ўлдирилгани айтилган.

Байден президентлик лавозимини эгаллагандан сўнг, Қўшма Штатлар Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалициясининг Ямандаги операцияларини қўллаб-қувватлашни тўхтатишини эълон қилди ва уни қурол билан таъминлашни давом эттириш ваъдасига қарамай, Қироллик билан муносабатларни қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилишини айтди.

2020 йил 7 сентябрда Саудия Арабистони прокуратураси ушбу иш доирасида 5 айбланувчига 20 йиллик қамоқ жазосини, яна 3 кишига 7 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосини тайинлади, аммо бу қарор кенг танқид қилинди.

Қўшма Штатлар Қошиқчи қотиллиги сабабли 17 та саудияликка қарши санкциялар жорий қилган эди, аммо Конгресснинг кўплаб аъзолари собиқ президент Доналд Трамп маъмуриятини Саудия Арабистонини жавобгарликдан ҳимоя қилишда айблашди.