Финляндияда коронавируснинг янги тури аниқланди

Финляндиянинг “Вита” лабораторияси коронавируснинг янги турини аниқлаганини эълон қилди. Уни тасдиқланган ПСР тестлари билан аниқлаш қийин.

Лаборатория ўз баёнотида Хелсинки университети Биотехнология институти билан ҳамкорликда, Финляндия жанубида олинган намуналарда илгари номаълум бўлган турни топганлигини айтди.

Унга кўра, Fin-796H деб номланган ушбу мутацияланган турни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган ПСР тестлари билан аниқлаш қийин, бу янги мутациянинг аниқланиши касалликнинг тарқалишига таъсир қилади.

Финляндия лабораторияси, ушбу тур коронавируснинг ўтган декабрь ойида аниқланган, тез тарқаладиган Британия ва Жанубий Африкадаги мутацияларининг хусусиятларига эга эканлигини кўрсатди.

Таъкидлаш жоизки, илгари олимлар коронавируснинг Британия, Жанубий Африка, Бразилия ва Японияда мутацияга учраган бир нечта турларини топишган эди.