Саудияда шаҳзода ва унинг отаси ғойиб бўлди

Британиянинг “Таймс” газетаси ўтган йилнинг ноябридан бери Саудия шаҳзодаси Салмон бин Абдулазиз бин Салмон Оли Сауд ва унинг отаси Риёдда уч йил қамоққа ташланганларидан кейин уларнинг тақдири сирли бўлиб қолганини хабар қилди.

Шанба куни чоп этилган мақолада “Таймс” “оилага яқин одам”нинг сўзларини келтирди: Шаҳзода Салмон (у қирол Абдулазизнинг қизининг ўғли, Франциянинг Сорбонна университетини тугатган ва тўртта тилни билади) ва унинг отаси яқин вақтгача Ар-Риёддаги икки қаватли уйда ҳибсда сақланган ва уларни ўнга яқин хавфсизлик ходими қўриқлаган.

Газета икки шаҳзодани ҳибсга олиш шартларини “оқилона” деб таърифлаган, чунки уларга уй атрофида юриш, унинг ҳовлисида ўтириш ва сояда чой ичиш эркинлиги берилган, шу билан бирга оилалари уларга ташриф буюриши ва улар билан махсус телефон линияси орқали мулоқот қилиши мумкин бўлган.

Аммо вазият, газетанинг даъволарига кўра, икки ярим ой олдин тўсатдан ўзгарди, чунки икки шаҳзода сирли равишда ғойиб бўлди, уларнинг қариндошлари улар билан алоқа қила олмадилар ва улар жойлашган уй ҳувиллаб қолди.

“Таймс”нинг таъкидлашича, шаҳзода Салмон 2018 йилда ҳибсга олинган 11 шаҳзода орасида бўлиб, улар давлат шаҳзодалар учун электр ва сув учун тўловларни тўлашни тўхтатиши кераклиги тўғрисидаги қироллик буйруғига қарши чиқишган.