Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилади

Ҳукумат қарори (61-сон, 10.02.2021 й.) билан Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Қарорга асосан қуйидагиларни амалга ошириш назарда тутилган:

➖ Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлашга қаритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;

➖ Лотин ёзувидаги ўзбек алифбосининг янги таҳрири асосида “Ўзбек тилининг имло қоидалари”ни тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш;

➖ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштириш учун тақдим қилинган лойиҳаларни давлат тили қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрланганлиги текширилгандан кейин муҳокамага чиқариш;

Расмий веб-сайтларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтказилиши таъминлаш.

Шунингдек, қуйидагиларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши таъминланади:

➖ шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар, ID-карталар, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномалари;

➖ иш қоғозлари, турли бланклар;

➖ мамлакатимиздаги жой, кўча, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонлар.

Бундан ташқари, марказий, маҳаллий босма ва электрон ОАВ, интернет сайтлари, нашриётлар, матбаа корхоналари фаолияти тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказилади.