Нью-Йоркда таниқли рус иммиграцион адвокатлари ҳибсга олинган

АҚШ Адлия вазирлиги тўққиз кишига, жумладан Нью-Йоркдаги рус тилида сўзлашадиган иммиграция бўйича адвокатларга қарши иккита айблов хулосасини эълон қилди.

Гуруҳ АҚШда бошпана олиш тўғрисидаги сохта аризаларни тайёрлаш ва расмийлаштириш учун фирибгарлик қилиш, шу жумладан USCIS га тақдим этиладиган сохта асосларни ва бошқа ҳужжатларни тайёрлашда айбланмоқда. Бундан ташқари, улар гўёки бошпана изловчиларни иммиграция жараёнида ёлғон қасам ичишга ўргатишган.

Биринчи айблов иммиграция бўйича адвокатлар Илона Жамгарова, Артур Аркадян ва Игор Резник билан боғлиқ. Улар Қўшма Штатларда бошпана олиб бериш фирибгарлигини амалга оширишда айбланмоқда. Илона Жамгарова аллақачон ҳибсга олинган, бошқа айбланувчилар ҳам ҳибсга олинган.

Иккинчи айблов хулосасида Юрий Моша, Уладзимир Данский, Юлия Гринберг, Алексей Кмит, Тимур Шербина ва Катерина Лисюченко рўйхати келтирилган. Улар АҚШни алдаш учун ёлғон уюштиришда ва фирибгарлар учун бошпана беришда айбланмоқда. Олти айбланувчидан бештаси ҳибсга олинган, шу жумладан Италияда ҳибсга олинган Лисюченко – у АҚШга топширилади.

Айбловлар Нью-Йоркдаги иккита иммиграцион фирма – «Фирма Джамгаровой» (Dzhamgarova Firm) ва «Русская Америка» (Russian America) иши бўйича олиб борилган терговларга асосланиб чиқарилган. Улар мижозларига (асосан собиқ совет мамлакатларидан келган муҳожирларга) АҚШда виза, бошпана, фуқаролик ва бошқа ҳуқуқий мақомларни олишда ёрдам бериб келган.

Илона Жамгарова Бруклиндаги (Нью-Йорк) ўз фирмасини бошқарган. Бошқалар қатори, у ўз мижозларига бошпана сўраб мурожаат қилишни маслаҳат бериб, уларни ЛГБТ жамоасига мансублиги ва шу сабабли ўз мамлакатларида таъқиб қилинаётгани ҳақидаги ёлғон даъволар билан иммигранция ҳужжатларини тайёрлашда ёрдам берган.

Юрий Моша ва Уладзимир Данской мос равишда Манхеттен ва Бруклиндаги «Русская Америка»нинг идораларини бошқарган. Уларнинг ҳар бири уйдирма баҳона билан АҚШдан бошпана олиш учун мижозларга маслаҳат бериш ва ёрдам бериш билан шуғулланиб келганлиги айтилмоқда.

Юрий Моша баъзи мижозларига ўзларининг яшаш жойларини танқид қилган онлайн блогларни яратишни ва юритишни маслаҳат бериб келган. Ушбу блоглар кейинчалик мижознинг сиёсий қарашларига асосланиб, ўз ватанига қайтиши унинг учун хавфсиз эмаслигини эълон қилиш учун ишлатилган.

Бу одамларнинг барчаси Қўшма Штатларни алдаш йўли билан бошпана олиш фирибгарлигини уюштиришда айбланмоқда.

Бундан ташқари, ушбу адвокатларнинг барча мижозларини иммиграция қилган муддатидан қатъий назар иммиграция ишларини қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги айтилмоқда.