Оқ уйдаги ҳаёт: 220 йиллик анъана, қиммат денгиз таоми ва президент маоши

Собиқ биринчи хоним Мишел Обаманинг «Besoming» (Шаклланиш) китобини ўқир эканман, қуйидаги сатрлар эътиборимни тортди:

“Барак Обама президентликка сайлангач, Оқ уйга кўчиб кирдик. Улкан бинонинг яшаш учун мўлжалланган қисмларини собиқ президент Жорж Бушнинг рафиқаси Лора Бушдан қабул қилиб олдим. У бу хоналарни саккиз йил олдин ўша пайтдаги биринчи хоним Ҳиллари Клинтондан олган. Ҳиллари Клинтон эса яна саккиз йил олдин Лора Бушнинг қайнонаси, катта Жорж Бушнинг рафиқаси Барбара Бушдан қабул қилиб олган…”

Бу маълумотлар нега эътиборимни тортди?

Америкада ҳокимият алмашинувининг ўзига хос анъанаси мавжуд. Ҳар тўрт ёки саккиз йилда собиқ президент янги сайланган президентга Оқ уйни топширади. Собиқ президент маъмурияти янги давлат раҳбари жамоасига Оқ уйдаги иш фаолиятининг нозик жиҳатларини ўргатади, барча ҳужжат ва ашёларни топширади. Оқ уйдаги яшаш хоналарини янги биринчи хоним собиқ биринчи хонимдан қабул қилиб олади.

1800 йил Оқ уй фойдаланишга топширилгандан бери бу анъана, бу занжир узилмай келмоқда. Ўтган 220 йил ичида бу бинода 45 та президент яшади.

Ўзимча ўйладим: агар Америкада ўлгунича ҳокимиятдан кетмайдиган диктаторлар режими бўлганда; бу диктаторларнинг ҳар бири ўртача 30-40 йил ҳукмронлик қилади деб ҳисобласак, ўтган 200 йил ичида АҚШ бор-йўғи 5-6 та президент кўрган bo’lardi…

Ҳозир АҚШда беш нафар тирик собиқ президент бор: Жимми Картер, Жорж Буш, Билл Клинтон, Барак Обама ва Доналд Трамп. Олтинчиси ҳозир Оқ уйда. Менимча, ёмон кўрсаткич эмас.

Оқ уйда яшаш бепул, фақат ҳамма нарса эмас: ижара текин, бу ерда ишлайдиган ходимлар маошини давлатдан олади, лекин озиқ-овқатни, президент оиласининг бошқа шахсий яшаш харажатларини давлат қопламайди. Уларни президент ўз ёнидан тўлаши керак.

Мишел Обаманинг ёзишича, менюдаги қандайдир денгиз маҳсулотига оид таом Барак Обамага маъқул келибди. Хизматкорлар олдида “Ширин овқат экан”, деб мақтаб қўйибди. Шундан сўнг кунлик менюда бу овқат тез-тез пайдо бўла бошлабди.

Ой охирида Обаманинг қўлига харажатлар рўйхати тутқазилган экан, президент тўлаши лозим бўлган сумма одатдагидан анча ошиб кетибди. Сабабини сўрашса, Обамага ёққан денгиз таоми жуда қиммат бўлиб, хориждан махсус импорт қилинар экан.

Обамалар бу овқатни ейишда давом этганми-йўқми, бу ҳақда ёзилмаган, лекин шоҳона таомланишга, албатта, биринчи оиланинг қурби етади. АҚШда президентнинг йиллик маоши 400 минг доллар.

Президентлар Оқ уйдан кетгандан кейин ҳам умрининг охиригача ҳар йили 220 минг доллар нафақа олади. Шунингдек, собиқ президент ва унинг турмуш ўртоғи умрбод Махфий хизмат (Secret servise) ходимлари томонидан қўриқланади.

Бегзод Мамадиев,
“Vashington kundaligi” блоги муаллифи.