Ўзбекистон ва Сан-Марино ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилмоқда

2021 йил 3 февраль куни Сан-Маринонинг Рим шаҳридаги Элчихонасида Ўзбекистон Республикаси ва Сан-Марино Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги протоколни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ҳужжатни Ўзбекистон Республикасининг Италия Республикасидаги Элчиси Отабек Акбаров ва Сан-Марино Республикасининг Италия Республикасидаги Элчиси Даниела Ротондаро имзоладилар.

Протокол шартларига кўра мазкур ҳужжат Сан-Марино томонидан тегишли ички жараёнлар якунланганидан кейин кучга киради.

Ҳужжатда Ўзбекистон ва Сан-Марино БМТ Устави ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига амал қилган ҳолда, икки мамлакат ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантириш ҳамда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш истагида дипломатик муносабатларни ўрнатишга қарор қилгани қайд этилган.

Маросим якунида Ўзбекистон ва Сан-Марино ўртасида томонларни қизиқтирган соҳалардаги, жумладан минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари батафсил муҳокама қилинди.

Манба: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати