Сайловларни октябрь ойида ўтказиш Сенат томонидан мақулланди

Сенат томонидан “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди.

Шунга кўра, Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмоқда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда.

Хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Шунингдек, қуйидаги ўзгартишлар киритилмоқда:
➖ сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда;
➖ сиёсий партиялар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда.

Киритилаётган ўзгартишлар билан сайловларни октябрь ойида ўтказиш таклиф қилинди.

Маъқулланган Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач расмий кучга эга бўлади.