Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги Элчихонаси ахбороти

Ҳурматли Россия олий ўқув юртларида таълим олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг ота-оналари!

Маълумки, Россия Федерацияси Таълим ва илм-фан вазирининг буйруғи билан 2021 йил 8 февралдан бошлаб ушбу вазирлик ҳузуридаги олий ўқув юртларида кундузги ўқиш жараёни бошлаш кўзда тутилган.

Оммавий ахборот воситаларида Россия томонининг анъанавий ўқиш шаклини бошлаш тўғрисида хабарлар тарқалгандан сўнг Россияга қайти истагидан бўлган ўзбекистонлик талабаларнинг турли сохта ҳужжатлар, шу жумладан, чегарани кесиб ўтишда ёрдам бериш учун Россия олий ўқув юртлари номидан сохта таклиф хатлари тайёрлашга ихтисослашган шубҳали шахсларга мурожаат қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Ўзбекистондан Россияга чартер рейсига талабалар рўйхати тузилаётгани ҳақидаги маълумотлар тарқалмоқдаки, бу Россия Ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги 635-р-сонли “Россия Федерациясига хорижий фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар киришини вақтинча чеклаш ҳамда визалар ва таклифларни расмийлаштиришни вақтинча тўхтатиш ҳақида”ги қарори талабларига зид. Ҳозирги вақтда Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар Россия Федерацияси ҳудудига тўсқинликларсиз кириш ҳуқуқига эга фуқаролар тоифасига кирмайди.

Шундай қилиб, Россия халқаро аэропортларига чартер рейслари билан келган Ўзбекистон фуқаролари чегарани кесиб ўтишда ва тасдиқловчи ҳужжатлар юзасидан муаммоларга дуч келишлари мумкин.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, шубҳали шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаслик ва алданиб қолмаслик, Россия ҳудудига киришда рад жавоби олмаслик учун ҳамда чартер рейслари ташкилотчилари ва авиаташувчилар била суд жараёнларининг олдини олиш мақсадида, олий ўқув юртлари халқаро бўлимлари билан доимий равишда алоқада бўлиб туриш ва чегаралар очилганга қадар масофавий таълимни давом эттириш сўралади.

Шу билан бирга, Элчихона расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатиб бориш лозим. Мазкур ресурсларда таълимни давом эттириш учун Россияга келиш имконияти ҳақидаги ахборотлар тезкор равишда жойлаштириб борилади:

Call-марказ: +7-499 230-00-76, +7-499 238-36-20

Веб сайт: www.uzembassy.ru

“Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифа: facebook.com/UzEmbassy.ru

“Instagram” ижтимоий тармоғидаги саҳифа: instagram.com/uzembassyrussia