Стоунҳенж яқинида янги қабрлар ва экспонатлар топилди

Археологлар Стоунҳенж ёдгорлиги яқинида қизиқарли янги топилмалар ҳақида хабар беришди, улар орасида болалар қабри, ғалати ашёлар ва истеҳком қолдиқлари бор.

Археологлар ёдгорликнинг жануби-ғарбий қисмида сопол идишларнинг шакли номини олган “Тескари қўнғироқлар” цивилизациясига оид қабрларни топдилар. Ушбу цивилизация 4800-3800 йил олдин мавжуд бўлган.

Қабрлардан бири кичкина болага тегишли. Яқин атрофдаги қабрларда олимлар йигирма ёшида вафот этган аёлнинг қолдиқларини, идиш ва бронза игна билан бирга топдилар. Шунингдек, олимлар лойдан ясалган ғалати цилиндрсимон буюмни топдилар, бу буюм эгасининг маълум бир ижтимоий синфга мансублигини англатиши мумкин.

Икки қабрнинг ёши тахминан 4500 йил. Эҳтимол, аёл ушбу тарихий ёдгорликни қуришда ўз ҳиссасини қўшган ёки у қурилишида иштирок этганлар оиласининг аъзоси бўлган.

“Стоунҳенжни қуриш узоқ вақт давом этган”, – дейди Wessex Archaeology ходими Митт Леаверс. – “Балки бир неча йил ёки ҳатто ўнлаб йиллар давом этган бўлиши мумкин. Шунинг учун бу нарсаларни қолдирган ёки ёдгорлик ёнига кўмилган одамлар қурилишда ёрдам беришган”.

Археологлар ёдгорликнинг жануби-шарқида темир даврига оид “Веспасиан лагери” деб аталадиган жойга тегишли бўлган хандақларни топдилар.

Шуни таъкидлаш керакки, археологлар ушбу нарсаларни Буюк Британия ҳукумати қарори билан ёдгорлик яқинидаги магистрал йўл остидан туннел қазиш жараёнида топдилар.