Вашингтон Ливиянинг янги муваққат ҳукумати тузилишини олқишлайди

АҚШ Давлат департаменти вакилининг сўзларига кўра, Вашингтон Ливияда ўн йиллик беқарорлик, бўлиниш ва зўравонликка барҳам беришга қаратилган БМТ ҳомийлигидаги музокаралардан сўнг янги муваққат ҳукумат тузилишини маъқуллайди.

“Биз ушбу янгиликни мамнуният билан қабул қиламиз. Биз БМТ воситачилигида Ливияни барқарор ва хавфсиз бўлишига ва 2021 йил декабрида бўлиб ўтадиган сайловларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз”, деди вазирлик вакили Нед Прайс жума куни журналистларга.

Жума куни Ливия сиёсий қурултойи бошқарув кенгаши раиси сифатида Муҳаммад Ал-Манфийни ва бош вазир сифатида Абдулҳамид Дабибани сайлашга овоз берди.

Овоз бериш 24 декабрь куни президент ва парламент сайловларини ўтказишга қаратилган БМТ бошчилигидаги тинчликпарварлик ҳаракатлар доирасида бўлиб ўтмоқда.