Заргарлик буюмларини электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилади

“Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–4998-сон, 22.02.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 мартгача заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металларни тўғридан-тўғри шартнома асосида ёки кечиктириб тўлаш шарти билан сотиш тартиби жорий қилинади.

Шунга кўра:

● “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ томонидан заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металлар кейинчалик хом ашё кўринишида қайта сотиш ҳуқуқисиз тўғридан-тўғри шартнома асосида ёки товар-хом ашё биржаси орқали нархнинг 15 фоизлик аванс тўловини амалга оширган ҳолда 180 кунга кечиктириб тўлаш шарти билан сотилади;

● бунинг учун “Ўзмиллийбанк” АЖ банк кафолатини шартнома суммасининг 85 фоизигача (85 фоизи ҳам киради) миқдорда йиллик 2 фоизгача комиссия ундирган ҳолда тақдим этади;

● марварид, олмос ва қимматбаҳо тошларга импорт божхона божлари солинмайди.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

– заргарлик буюмларига асиллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси механик (зарб) ёки лазер усуллари ёрдамида туширишга рухсат этилади;

– аффинаж фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ўзлари ишлаб чиқарган ўлчовли ёмбиларни сотишга рухсат берилади;

– қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо (ярим қимматбаҳо) тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ички ва ташқи бозорларда электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилади;

– нақд пулда ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилганда операциянинг умумий суммаси БҲМнинг 600 бараваридан ошмаган тақдирда мижозни, унинг вакилини ва бенефициар мулкдорни текшириш талаб этилмайди.

Шунингдек, “Ўзмиллийбанк” АЖга кейинчалик микрокредитлар ажратиш учун 30 млн АҚШ доллари эквивалентида 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз бандга паст фоиз ставкасида маблағ йўналтирилади.

Адлия вазирлиги Ҳуқуқий ахборот канали.