Америкалик ҳуқуқ фаоли ва адвокат Вернон Жордан вафот этди

Америкалик қора танли инсон ҳуқуқлари бўйича фаол ва адвокат Вернон Жорданнинг қизи сешанба куни отаси 85 ёшида вафот этганини айтди.

Унинг қизи Вики Жорданнинг баёнот беришича, 1980 йилда Индиана штатидаги оқ танли айирмачининг снайпер отишидан қаттиқ яраланган отаси кеча яқинлари орасида тинчликда вафот этган.

Жордан ирқчилик кенг тарқалган АҚШнинг жанубида ўсган ва Америка фуқаролик ҳуқуқлари ҳаракати, Вашингтон ва Уолл-Стрит сиёсатида нуфузли етакчига айланган.

У 1990-йилларда собиқ президент Билл Клинтоннинг яқин дўсти ва маслаҳатчиси бўлган ва у ҳеч қачон ҳукумат лавозимида бўлмаган, аммо ҳеч ким Вашингтонда ишлар қандай кетаётгани ундан яхши билмаган.

Клинтон ва унинг рафиқаси Хиллари ўз баёнотида уни “ажойиб дўст” деб таърифладилар.

Президент Жо Байденнинг таъкидлашича, Жордан ҳуқуқшунос ва бутун умр адолатсизликка қарши курашган ва хаёлидаги нарсаларни ошкор қилишдан қўрқмаган юқори мартабали ишбилармон эди.

Байден Жорданнинг тизимли ирқчиликка барҳам беришдаги меҳнатини эслатиб, “Агар биз уни ва фуқаролик ҳуқуқлари фаолларининг бошқа авлодини ҳурмат қилмоқчи бўлсак, улар қилган ишларни давом эттиришимиз керак”, деган.