Байден маъмурияти АҚШнинг Венесуэлага қарши санкциялари самара бермаганини тан олди

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Венесуэла ҳукуматига қарши санкциялар ўз мақсадларига эришмаганлигини тан олиб, улар мамлакатда режим ўзгаришини эмас, балки демократиянинг тинч йўл билан ўтишини қўллаб-қувватлашни исташларини айтди.

“Биз санкциялар режимини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқимизни ўзимизда сақлаб қоламиз, аммо Мадуро режими музокаралар столига ўтиришга тайёрлигини намойиш этишидан олдин уларни бекор қилишга шошилмаймиз”, деди душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШнинг юқори мартабали вакили.

Расмий қўшимча қилиб деди: “Аммо биз тан олишимиз керакки, 4 йилдан бери амал қилиб келаётган бир томонлама санкциялар сайлов натижаларини ўзгартира олмади… Тизим санкцияларга мослашиб кетди, худди нефт бозори нефт санкцияларига узоқ вақт давомида мослашгани каби”.

У шундай давом этди: “Биз бир томонлама санкцияларни давом эттира оламиз ва ноаниқ муддат ушбу вазиятда қоламиз ёки халқаро ҳамжамият билан музокаралар столи атрофида ўтирамиз ва Венесуэла расмийларига босим ўтказиш имкониятларини кўриб чиқамиз”.

Икки америкалик амалдор худди ўша конференцияда Байден маъмурияти ўз мамлакатидан чиқиб кетишга мажбур бўлган венесуэлаликларга Қўшма Штатларда қўшимча 1,5 йил қолиш учун қарор қабул қилганини эълон қилди.

Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайс алоҳида матбуот анжумани чоғида АҚШ Венесуэлада режим ўзгаришини истаётгани ҳақидаги даъво асослилиги ҳақидаги саволига жавобан шундай деди: “Тўғриси шуки, Байден маъмурияти Венесуэла халқининг демократик ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди”.

Вашингтон Венесуэла президенти Николас Мадуронинг ҳокимиятини ағдаришга қаратилган саъй-ҳаракатлари даражаси тўғрисида саволга тўғридан-тўғри жавоб беришдан бош тортди.

АҚШ Давлат департаменти вакили “Биз Мадуронинг диктатор эканлигини аниқ тасдиқлаймиз. Унинг ҳаракатлари Венесуэла манфаатларига хизмат қилмади”, деди.

2018 йил охиридан бошлаб Венесуэла жиддий иқтисодий инқироз билан бирга сиёсий инқирозни ҳам бошдан кечирмоқда.

Аввалроқ, Венесуэла президенти Николас Мадуро ўзининг сиёсий мухолифларини АҚШнинг қўллаб-қувватлаши билан ҳокимиятни ағдаришга уринишда бир неча бор айблаган эди.