ЖССТ раҳбари Ўзбекистон Президентига мактуб йўллади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади.

Мактубда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президентимиз томонидан илгари сурилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ЖССТга тақдим этилгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирилган.

Шунингдек, ЖССТ раҳбари ўз хатида “Пандемия соғлиқни сақлаш тизимларимиз заиф эканини кўрсатди, тиббий ва ижтимоий тенгсизликни кучайтирди ҳамда соғлиқни сақлаш иқтисодий тараққиёт ва хавфсизликда марказий ўрин эгаллашини намойиш этди. Пандемияни назоратга олиб, тикланишга инвестиция йўналтираётган эканмиз, келажакка ҳам тайёргарлик кўришимиз лозим. Бундай вазият яна такрорланишига йўл қўёлмаймиз.

Жаноби Олийлари, Халқаро кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласида узоқни кўзлаганингиз ва бу жараёнда етакчилик қилганингиз учун Сиздан миннатдорман. Биз ҳужжатни диққат билан ўрганиб чиқдик. Унда қўйилган вазифаларнинг кўлами ва таклиф этилган амалий ечимлар менда катта таассурот қолдирди. Кодекс лойиҳаси тақдим этилгани ўз вақтида қабул қилинган қарор бўлди,” – дея Ўзбекистон Президентининг таклифини эътироф этган.