Меркел қароридан қайтиб, немислардан кечирим сўради

Германия канцлери Ангела Меркел Пасха таътилида умумий карантин эълон қилиш тўғрисидаги қарорни бекор қилди ва ушбу қарор учун кенг жамоатчиликдан узр сўради.

Чоршанба куни Меркел Пасха таътилида Германияда коронавирусга қарши курашиш учун соғлиқни сақлаш қоидаларини кучайтириш истагида “хато” қилганини тан олди. У ҳар томондан, айниқса ҳукумати томонидан танқидларга сабаб бўлган ушбу қарордан воз кечганлигини тасдиқлади.

“Хато хато деб ҳисобланиши керак, энг муҳими, агар керак бўлса, уни керакли вақтда тузатиш керак”, деди у Германия вилоятлари раҳбарлари билан фавқулодда йиғилишдан кейинги баёнотида.

Унинг таъкидлашича, “Пасха таътилида 5 кунга карантин эълон қилиш ғояси эпидемиянинг учинчи тўлқинини секинлаштириш ва орқага қайтариш учун яхши ният билан ўйланган, аммо бу қисқа вақт ичида мумкин эмас эди”.

Сешанба куни канцлер Ангела Меркел мамлакатдаги карантин муддати 18 апрелга қадар узайтирилишини эълон қилди, одамларни уйда қолишга ундаш учун 1-5 апрель кунлари жамоат йиғилишларини ўтказиш тақиқланди.