Норвегия Бош вазири туғилган куни сабабли терговга чақирилди

Норвегия полицияси Бош вазир Эрна Солбергни туғилган кунини нишонлаши юзасидан тергов бошлаганини, у мамлакатда коронавирусга қарши қўйилган чекловларни бузганлигини маълум қилди.

Солберг 60-йиллигини нишонлаш учун қариндошларини “Геило” тоғ-чанғи курортида ўтган февраль ойининг охирида, чекловлар ва тавсияларни бузган ҳолда йиққан.

Солберглар оиласининг 13 нафар аъзоси 25 февраль куни у йўқлигида ресторанда овқатланишган, чунки у кўзи касаллиги сабабли касалхонага бориши керак бўлган. Чеклов қоидаларига кўра жамоат жойидаги шахсий тадбирга қатнашувчилар сони 10 дан ортиқ бўлмаслиги белгиланган.

Ушбу хабарлар ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлди, баъзилар уни истеъфога чиқаришга чақиришди.
Полиция жума кунги баёнотида: “Тўпланган маълумотларга кўра, полиция Бош вазирнинг ўзи юқумли касалликлар тўғрисидаги қонунни бузиши билан боғлиқ текширувни бошлашга қарор қилди”, дейилади.

Шунингдек, у “Бу масала прокуратура органи томонидан баҳоланади”, деб қўшимча қилди ва мумкин бўлган қонуний жазони назарда тутган.
Ўз навбатида, Бош вазир “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида “Оилам ва мен коронавирус қоидаларини бузганимиз учун афсусдаман ва бу ҳеч қачон бўлмаслиги керак эди. Мен сиздан сўраганимдек барча тавсияларга ўзим ҳам амал қилишим керак эди“, деган баёнот билан чиқди.

Ҳуқуқий оқибатларга қўшимча равишда, бу ҳолат унинг сиёсий каръерасига таъсир қилиши мумкин, чунки мамлакат сентябр ойида сайловларга тайёргарлик кўрмоқда.