Президент Шавкат Мирзиёев Германия Федерал канцлери Ангела Меркелни Ўзбекистонга таклиф қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 март кунининг иккинчи ярмида Германия Федерал канцлери Ангела Меркель билан видеоанжуман шаклида музокара ўтказди.

Германия пандемия оқибатларини енгиб ўтиш бўйича халқаро ташаббусларни илгари суришда фаол иштирок этиб, жаҳон мамлакатларига, шу жумладан Ўзбекистонга катта амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Хусусан, Германия кўмаги билан COVAX ташаббуси доирасида шу ойнинг охирида мамлакатимизга коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи йирик партияси етказиб берилади. Бундан ташқари, Европанинг юқумли касалликларни ўрганиш соҳасидаги нуфузи илмий-тадқиқот муассасаси – Роберт Кох институти билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган.

Ўзбекистон ва Германия етакчиларининг бугунги учрашуви кун тартибидан жаҳонда мураккаб эпидемиологик вазият оқибатида инқирозли ҳодисалар кучайиши шароитида мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олди.

Кейинги йилларда ўаро товар айирбошлаш ҳажми 1,5 баробар кўпайди, 50 га яқин янги қўшма корхона ташкил этилди. Ўзбекистонда Германиянинг «MAN», «Claas», «Knauf», «Papenburg» каби машҳур компаниялари фаол ишламоқда. «Volkswagen» ва «Viessmann» компаниялари илк бор юртимиз бозорига кириб келган бўлса, узоқ танаффусдан сўнг «Siemens» ва «Bosch» компаниялари қайтиб келди. Ўтган йилда Германия компаниялари томонидан мамлакатимиз иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 700 миллион доллардан ошди.

Учрашувда қўшма лойиҳалар, ишбилармонларнинг алоқалари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, етакчи немис компаниялари ва банк институтларининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришга келишиб олинди.

Томонлар мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши масаласида ҳамда Европа Иттифоқи билан конструктив мулоқот доирасида, шу жумладан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тайёрлашни тез фурсатда якунлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга аҳдлашиб олдилар.

Музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев Федерал канцлер Ангела Меркельни Ўзбекистон Республикасига ташриф билан келишга таклиф қилди.

president.uz