Қиролича Елизавета Гарри ва Меган интервюсидан кейин биринчи марта оммага кўринди

Буюк Британия қироличаси Елизавета қироллик саройида шов-шув келтириб чиқарган невараси шаҳзода Гарри ва унинг рафиқаси Меганнинг интервюсидан бери биринчи марта жамоатчилик олдида пайдо бўлди.

Британия илм-фан ҳафталигини нишонлашга бағишланган бир гуруҳ олимлар ва мактаб ўқувчилари билан видеомулоқотда қиролича интервью ҳақида сўз юритмади.

Қиролича НАСА томонидан Марс юзасига бошланган “Perseverance” миссиясининг сўнгги хабарларини ва ўтган ой Буюк Британиянинг ғарбий қисмида жойлашган Гластерширга тушган ноёб метеоритнинг топилганини муҳокама қилди.

Ўтган якшанба куни Америкалик журналист Опра Уинфрейга берган интервюсида Меган қироллик оиласининг аъзоси ўғли Арчи ҳақида ирқчи фикр билдирганини айтди, Гарри эса оилани матбуотнинг хотинига нисбатан муносабатини танқид қилди.

Букингем саройи сешанба куни қиролича Елизавета номидан баёнот бериб, қироллик оиласи аъзолари шаҳзода Гарри ва унинг рафиқаси Меган сўнгги бир неча йил ичида бошидан кечирган воқеалардан хафалигини билдиришган.

Қиролича Елизавета II шаҳзода Гарри ва унинг рафиқаси Меган дуч келган машаққатлар учун “қайғуришини” билдирди ва ирқчилик ҳақидаги айбловларни “жиддий” қабул қилишини тасдиқлади.