Қиролича Елизаветанинг эри юрагидан операция қилинди

Букингем саройининг хабар беришича, Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг 99 ёшли эри, Эдинбург герсоги шаҳзода Филипп Лондон касалхоналаридан бирида юрак операциясини ўтказган.

Сарой пайшанба куни берган баёнотида операция муваффақиятли ўтганини тасдиқлади, аммо шаҳзода Филипп соғлиғи ҳолатини кузатиш учун яна бир неча кун касалхонада қолади.

Баёнотда: “Эдинбург герсоги кеча авлиё Бартоломей касалхонасида илгари мавжуд бўлган юрак хасталиги бўйича муваффақиятли операция қилинди. Олий ҳазратлари бир неча кун давомида даволаниш, дам олиш ва соғайиш учун касалхонада қоладилар”, дейилади.

Шаҳзода Филипп 2011 йилда юрак жарроҳлик амалиётини ўтказган. Сарой бу сафар герсог бошдан кечирган операция тури ҳақида изоҳ бермади.