“Улар фақат “Ўзбегим”ни ёқтиришарди”. Бир қўшиқ тарихи

Шу кунларда интернет тармоқларида ҳурматли ҳофизимиз Шерали Жўраевнинг қаттиқ бетоб бўлиб қолгани ҳақида кўп гапирилмоқда. У кишига Аллоҳдан шифо сўраб умрларини зиёда қилишларини сўраб қоламиз. Яқинлари ва ихлосманд мухлислари бахтига соғ-омон бўлсинлар.

***

Америка ва Туркияга қилган сафарларим чоғида Туркистонлик ватандошларимиз билан кўплаб қизиқарли учрашувларни ўтказдим. Бундан 15 йил муқаддам Шермуҳаммад Бекнинг кичик укаси Нурмуҳаммад Бек қўрбошининг ўғли Муҳаммад Анвар Бек менга бир воқеани гапириб берган эдилар:

“Улар фақат “Ўзбегим”ни ёқтиришарди”.

Муҳаммад Анварбек Бек хотираларидан:

– Гап шундаки, отам ҳам, амаким ҳам енгил-елпи қўшиқларни хуш кўрмасдилар, олиб борган айрим қўшиқларимни эшитгиси ҳам келмасди. Бир кун мен ҳурматли адибимиз Эркин Воҳидов шеъри билан ҳофиз Шерали Жўраев ижро этган “Ўзбегим” ашуласини уларга қўйиб бердим…

Ўшанда уларнинг термулиб, бир-бирларига қарашларини бир кўрсангиз эди. Улар ўзларини гўё ўз она юртларига қайтгандек ҳис этишарди… Отам ва амакимлар мендан, шу қўшиқни қайта-қайта қўйишимни сўрашди, санаб кўрсам, шу қўшиқни қаторасига етти-саккиз марта қўйибман.

Кейин бошимни аста кўтариб, улар томон боқсам, ака-укаларнинг кўзлари жиққа ёш… Улар нималарнидир ўйлаб, узоқ хаёл сурардилар. Бироз вақт ўтганидан сўнг отам “Офарин, буюк Туркистоннинг бой тарихи бир-икки шеърий мисралардаёқ жуда моҳирлик билан тўлиқ ёритилибди”, деб шоирни қайта-қайта мақтаб, дуо қилганлар.

Отам билан амаким вақти келганда шу шеърни ёзган ва бу гўзал қўшиқни маромига етказиб ижро этган одамларнининг қўлларини кўзга суртиб, уларнинг дуосини етказишимни илтимос қилганлар. Бу воқеани, отам билан амакимнинг миннатдорчилигини Эркин Воҳидов ва Шерали Жўраевга биринчи учрашувимиздаёқ гапириб бериб, уларнинг илтимосларини бажардим.

Фото: 1. Шерали Жўраев. 2. Шермуҳаммад Бек лашкарбоши (сўлда) ва укаси Нурмуҳаммад Бек қўрбоши. 3. Муҳаммад Анвар Бек (сўлда) ва Шермуҳаммад Бекнинг ўғли Даврон Бек. 4. Шерали Жўраевнинг 2008 йили Адана (Туркия) шаҳрига қилган сафари чоғида ватандошлар билан учрашуви. 5. Шерали Жўраев Шермуҳаммад ва Нурмуҳаммад Бекларнинг Аданадаги қабрларини зиёрат қилиши.

Довер, Нью-Жерси штати, АҚШ. 2006 йил.

Мавлон Шукурзода