Adobe асосчиларидан бири Чарлз Гешке вафот этди

Чарлз Гешке 1982 йилда Жон Уорнок билан Адобе компаниясига асос солган ва ПДФ форматини ишлаб чиқишда ёрдам берган.

Америкалик ишбилармон, Adobe асосчиларидан бири Чарлз Гешке 81 ёшида вафот этди, деб ёзади компания веб-сайти. Гешке 16 апрель, жума куни оиласи қуршовида вафот этди. Ўлим сабаби аниқланмаган.

“Бу бутун Adobe жамоаси ва технология соҳаси учун катта йўқотишдир, бу учун у ўнлаб йиллар давомида йўналтирувчи ва қаҳрамон бўлиб келган”, – дейди бош директор Шантан Нараен ходимларга йўллаган мактубида.

“У таниқли ишбилармон, Қўшма Штатлардаги ва бутун дунёдаги йирик компаниянинг асосчиси эди, албатта, у бундан жуда ғурурланар эди ва бу унинг ҳаётидаги улкан ютуқ эди”, – дейди бизнесменнинг беваси 78 ёшли Ненси Гешке. Бироқ, у асосий эътиборни оилага қаратди, дея қўшимча қилади аёл.

Гешке 1939 йил 11 сентябрда Огаё штатининг Кливленд шаҳрида туғилган. 1972 йилда у Питсбургдаги Карнеги Меллон университетида компютер фанлари доктори илмий даражасини олди, сўнг Пало Алтодаги Херох тадқиқот марказида иш бошлади. У ерда у Жон Уорнок билан танишди, у билан 1982 йилда компанияни тарк этиб, Adobeга асос солган.

Гешке ва Уорнокнинг биринчи ишланмаларидан бири ПостСкрипт саҳифасини тавсифлаш тили эди. Улар, шунингдек, кўчма ҳужжат форматини (ПДФ) ишлаб чиқувчилари ҳисобланади.

Гешке 1986 йилдан 1994 йилгача Adobeнинг бош ижрочи директори бўлган ва 1989 йилдан 2000 йил апрелгача компания президенти бўлиб ишлаган. 2009 йилда АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Гешке ва Уорнокни Миллий технологиялар ва инновациялар медали билан тақдирлади.