Америкада исломий ташкилот Фейсбук ва Цукербергни судга берди

“The Associated Press”нинг хабар беришича, Америка Исломий фуқаролик ҳуқуқлари ташкилоти Фейсбукка нисбатан нафратли постларни олиб ташлаш бўйича айбловлар билан судга мурожаат қилди.

Пайшанба куни Олий суд олдида мусулмон адвокатлар томонидан Вашингтонда (ДС) очилган даъвога кўра, Фейсбук раҳбари Марк Цукерберг ва бошқа раҳбарлар “жамоатчиликни, конгрессга сайланган вакилларни, федерал амалдорларни ва нотижорат ташкилот раҳбарларини Фейсбукнинг хавфсиз эканига ишонтиришган.

Суд даъвосида айтилишича, Фейсбук бир неча бор ўз платформасидаги нафратли ва зўравонликка чақирувчи постлар ҳақида огоҳлантирилган, лекин бунга қарши ҳеч қандай чора кўрмаган.

“Ҳар куни оддий одамлар турли азиятли постларга дуч келишади, Фейсбукнинг нафратли, безорилик, таъқиб ва зўравонликка ундовчи постларга қарши сиёсати бузилмоқда. Фейсбукда нафрат ва мусулмонларга қарши ҳужумлар айниқса кенг тарқалган”, дейилади суд даъвосида.

Фейсбук, ўз навбатида, ўз платформасида нафратли постларга йўл қўймаслигини айтган ва мутахассилар, нотижорат ташкилотлари ва манфаатдор томонлар билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилаётганини айтган.

 Олдинроқ Ислом олами робитаси Бош котиби Муҳаммад Ал-Исо Фейсбук ва Твиттер маъмуриятларига, уларнинг раҳбарларига хабар юбориб, уларни исломофобия билан курашишга чақирган эди.

Саудия Арабистонининг собиқ адлия вазири Ал-Исо ўз хабарида: “Сиз исломофобияга қарши курашишингиз керак, сизнинг платформаларингиз уни инкубация қилмаслиги керак”, деган.