Байден Конгрессдаги биринчи нутқида нималарни гапирди?

Куни кеча Конгрессдаги нутқида АҚШ президенти Жо Байден ўз маъмурияти сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берди, жумладан, бойларга солиқларни кўпайтириш ва Қўшма Штатлардаги тизимли ирқчиликка қарши курашга эътибор қаратди.

Нутқ унинг президентлик лавозимига киришганининг 100 кунлиги ва АҚШ президенти ўзининг “Америкалик оилалар учун лойиҳаси”ни тақдим этишига тўғри келди.

Байден: “Мен айта оламанки, юз кун ичида Америка яна олдинга силжиди… Америка олға боришга тайёр. Биз яна ишлаймиз, яна орзу қиламиз, яна кашф этамиз, дунёга етакчилик қиламиз. Биз бир-биримизга ва дунёга Америка таслим бўлмаслигини кўрсатдик”, деди.

Унинг таъкидлашича, ушбу миллий саъй-ҳаракатлар энди “Иккинчи Жаҳон Урушидан кейинги энг йирик ҳаракатлар режаси” орқали иқтисодиётни тиклаш ва тенгсизликка қарши курашга қаратилиши керак.

АҚШ президенти оилаларга ёрдам бериш режасини молиялаштириш учун компаниялар ва бой америкаликлар учун солиқ тўловларини оширишга чақирди.

У энг бой 1% америкаликлар Жорж Буш президентлигида бўлгани каби 39,6% солиқ тўлашини билдирди.

Байден ўз нутқида Доналд Трампнинг 2017 йилда солиқларни камайтириш тўғрисидаги қарорини танқид қилди ва унга кўра бу дефицитни 2 триллион долларга кўпайтирди, чунки миллиардлаб доллар корпоратив раҳбарларнинг чўнтагига тушган.

АҚШ президенти пандемия даврида Қўшма Штатлардаги 650 га яқин миллиардерларнинг соф бойлиги 1 триллион доллардан ошганини, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 4 триллион доллардан ошганини таъкидлади.

Коронавирус инқирози:

Байден АҚШдаги Ковид-19га қарши эмлаш режасини мамлакат тарихидаги энг катта ютуқлардан бири деб ҳисоблади.

Унинг сўзларига кўра, катта ёшлиларнинг ярмидан кўпи камида битта дозани олган ва ўтган йилнинг январидан бошлаб қариялар орасида ўлим 80% га камайган.

Ижтимоий масалалар:

Байден ички масалаларга ҳам ойдинлик киритиб, унинг режаси Қўшма Штатларда инфратузилмани ривожлантириш ва янги иш имкониятларини яратишни ўз ичига олганлигини таъкидлади.

АҚШ президентининг сўзларига кўра, унинг режаси мамлакатдаги ишчилар синфини қўллаб-қувватлашга қаратилган ва у яқин йиллар ичида миллионлаб иш ўринлари яратиб, триллионлаб долларлик иқтисодий ўсишни таъминлайди.

АҚШ Президенти федерал даражадаги энг кам иш ҳақини соатига 15 долларга кўтаришга ваъда берди, бунга республикачилар қатъий қарши чиқмоқдалар.

Шунингдек, у транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш муҳимлигини таъкидлади. Байден америкаликлар учун рецепт бўйича бериладиган дорилар нархини пасайтиришга яна чақирди ва “Америкада соғлиқни сақлаш имтиёз эмас, балки ҳуқуқ бўлиши керак”, деди.