Байден маъмурияти Ғарбий соҳилни “босиб олинган ҳудуд” деб билишини тасдиқлади

АҚШ Давлат департаменти, президент Жо Байден маъмурияти ҳақиқатан ҳам Ғарбий соҳилни Исроил томонидан “босиб олинган ҳудуд” деб ҳисоблаганини тасдиқлади.

“Исроил 1967 йилги урушдан кейин Ғарбий соҳилни, Ғазо секторини ва Жўлон тепаликларини босиб олгани тарихий ҳақиқат”, деди вазирлик вакили Нед Прайс журналистларга.

Вазирликнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик ҳисоботида Ғарбий соҳилни Исроил томонидан “босиб олинган ер” деб аниқ таърифлашдан бош тортилганлиги тўғрисида, Прайс ҳисоботда “Аслида Ғарбий Соҳилнинг ҳозирги ҳолати шароитида ишғол атамаси ишлатилган”, деб тушунтирди.

Трамп 2017 йилда ҳокимият тепасига келгунига қадар АҚШ Давлат департаменти дунёдаги инсон ҳуқуқлари ҳолати тўғрисидаги йиллик ҳисоботида “Исроил ва босиб олинган ҳудудлар” иборасини ишлатар эди, аммо бу ном 2018 йилда “Исроил, Ғарбий Соҳил ва Ғазо” деб ўзгартирилди. Вазирликнинг сешанба куни эълон қилинган ҳисоботида ҳам шу иборалар ишлатилган.