Бухорода Италия университетининг филиали очилади

Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси томонидан Бухоро шаҳрида Луиджи Ванвителли номидаги Кампания университетининг (UniCampania) талабалар кампуси (филиали)ни ташкил этиш бўйича навбатдаги видеоконференция ташкил этилди, бу ҳақида “Dunyo” ахборот агентлиги хабар берган.

Учрашувда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва университетлари раҳбарлари, Италия университети проректорлари ҳамда профессор-ўқитувчилари, шунингдек, Кампания ва Молизе минтақаларидаги Ўзбекистоннинг фахрий консули Витторио Жоржи иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Отабек Акбаров март ойи охирида ушбу университетга ташрифини ташкил этгани, университет ҳақида батафсил тақдимот ўтказгани ҳамда Италия вакилларининг Бухорода талабалар кампусини ташкил қилиш бўйича таклифи учун «UniCampania»  раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Элчи  «UniCampania» раҳбариятининг май – июнь ойларида ушбу лойиҳанинг барча ташкилий масалаларини муҳокама қилиш  ва тегишли шартномани имзолаш учун Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга  тайёрлигини билдирган.

Таакидланищича, «UniCampania» талабалар кампусида қурилиш фанлари ва технологияси (муҳандислик), дизайн, ҳамширалик ва архитектура каби тўртта йўналишда бакалавриат ва магистратура дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш назарда тутилмоқда. Таълим Италия таълим дастури асосида италиялик ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади. Битирувчилар Италияда ва Европада тан олинадиган дипломларга эга бўлади.

Суҳбат Ректор чоғида, вакили, профессор Серхио Минуччи университетнинг Бухоро шаҳрида тўлақонли филиалини яратиш бироз вақт талаб этилишини ва ўқув жараёнини имкон қадар тезроқ бошлаш учун у шу йилнинг сентябрь ойида шаҳардаги мавжуд университетлар негизида Луиджи Ванвителли номидаги Кампания университетининг филиали шаклида курсларни параллел равишда бошлашни таклиф қилди. Ушбу таклиф Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Ўзаро ҳамкорликнинг дастлабки босқичи сифатида Бухоро муҳандислик-техника университетида муҳандислик, архитектура ва қурилиш, Бухоро давлат тиббиёт институти негизида тиббиёт йўналишида қўшма таълим дастурлари ташкил этиш мумкинлиги билдирилди.