Чет элда эмланиб, эмланганлик сертификатини олган фуқаролар Ўзбекистонда эмланиши шарт эмас

CCВ Матбуот хизмати Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаевадан коронавирусга қарши кураш ва вакцинация жараёнлари бўйича саволларга жавоб олди.

— Чет элда коронавирусга қарши эмланганлар Ўзбекистонга келганида ҳам вакцинациясия жараёнига жалб қилинадими?

— Чет элда эмланиб, эмланганлик сертификатини олган фуқаролар Ўзбекистонда эмланиши шарт эмас. Бундай ҳолатларда тиббиёт муассасалари ходимларига мазкур сертификат тақдим этилади ва фуқаро эмланганлар рўйхатига киритилади.

Хорижда вакцина қабул қилган фуқаролар 2 ёки 3 босқичли эмлашдан тўлиқ ўтганларидан сўнггина эмланганлик сертификатини оладилар. Баъзи давлатларда сертификат ўрнига маълумотнома берилади. Бу маълумотномада эмлашнинг барча босқичидан тўлиқ ўтган ёки ўтмаганлик тўғрисида ёзувлар киритилган бўлади. Бу ҳужжат тиббиёт ходимлари томонидан ўрганиб чиқилгач, мазкур фуқарони эмлаш бўйича хулоса қилинади.

Агар фуқаро чет элда ҳам мамлакатимизда қўлланилаётган вакцина билан эмланишни бошлаган бўлса, кейинги босқичларни юртимизда давом эттириши мумкин.

— Эмлашдан олдин антитела учун тест топшириш шартми?

— Эмланишга қадар инсон организмида антитаначалар бор-йўқлигини аниқлаш ва эмлангандан сўнг қандай ўзгариш бўлганини солиштириш ва назорат қилиш мақсадида тест ўтказилиши мумкин. Бу каби текширувдан ихтиёрий равишда фуқароларнинг ўзлари ўтишлари ҳам мумкин. Ёки вакциналарнинг 3-босқич клиник тадқиқотларида иштирок этаётган даврда ўтказилиши мумкин.

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги