Дунёдаги биринчи ҳомиладор мумия аниқланди

2 минг йиллик Миср мумиясининг жасадини текшираётган археологлар мумияланган аёлнинг ҳомиладор эканлигини билиб ҳайрон бўлишди.

Аёл ўлганида 30 ёшдан ошмагани ва камида 28 ҳафталик ҳомиладор бўлганлиги тахмин қилиняпти.

Полшанинг Варшава шаҳридаги Миллий музей археологлари кутилмаган кашфиёт ҳақида беш йиллик изланишлардан сўнг шу ҳафта эълон қилишди.

Милоддан аввалги биринчи асрга тегишли жасад музей коллекциясида 1917 йилдан бери сақланиб келмоқда, 2016 йилгача унинг эркакнинг жасади эканлигига ишонишган.

Ўша пайтда, мумияланган танани рентгенологик текширувлар ва 3Д-реконструкция қилиш унинг ўзига хос хусусияти (жинсини)ни аниқлай олмаган.

Кейинги текширувлар натижасида аёлнинг қорнида кичик бир оёқ борлиги маълум бўлди. Доктор Варшава университети археолог олими Марзина Урик-Зелке бу нимани англатишини дарҳол англади.

“Биз Мисршунос, турмуш ўртоғим Станис билан рентген тасвирларига сўнгги марта назар ташладик ва вафот этган аёлнинг қорнида кичик оёқни кўрдик”, деди у Полша янгиликлар агентлигига.