Эронга дуккакли маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилди

Хабарларга кўра, мамлакатимизнинг Эрондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистоннинг “Sirdarya Beans Export” компанияси директори Зафар Тўраев ва Эроннинг “Ghaza Faravаr Penguin” компанияси бош директори Муҳаммад Замон ўртасида Ўзбекистонда  етиштирилган турли хилдаги дуккакли маҳсулотларни Эронга экспорт қилиш истиқболлари бўйича видеомулоқот ташкил этилди. Суҳбат давомида хорижий тадбиркор ушбу маҳсулотларни йирик миқдорда сотиб олишга тайёр эканини маълум қилди.

Шу билан бирга, хорижий тадбиркор мамлакатга хориждан олиб кирилаётган дуккаклилар импорти учун қулай божхона божи қўлланилиши  Ўзбекистон учун истиқболда ушбу маҳсулот турини Эронга экспорт кўламини ошириб боришга кенг имкониятлар очиб беришини таъкидлаб ўтди.

Видеомулоқотда эришилган келишувлар ва томонлар ўртасидаги ўтказилган бевосита музокаралар натижасида икки компания ўртасида умумий қиймати 565 минг долларга тенг бўлган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 500 тонна ловия маҳсулотини Эронга экспорт қилиш борасида шартнома имзоланди. Ва 23 апрель куни шартноманинг бошланғич босқичи доирасида ловия маҳсулотининг дастлабки партияси (50 тонна) Эронга экспорт қилинди.Шу билан бирга, томонлар ўртасида келгусида мош ва ловиянинг бошқа турдаги навларини Ўзбекистондан Эронга экспорт қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.