IELTS ва яна 13 хилдаги халқаро имтиҳонларда юқори натижа кўрсатган ёшларнинг имтиҳон харажати тўлаб берилади

Олий мажлис сенати аъзоси, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев мазкур қарор борасида, ўзиниг телеграм каналида қуйидагича изоҳ қолдирган:

“Ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ 1-майдан бошлаб Халқаро имтиҳон тизимларида юқори балл тўплаган ёшларга харажатлари тўлиқ давлат томонидан қоплаб бериладиган бўлди. Хўш, бу тизим қандай муаммоларни ечади?

Биринчидан, асосан, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи ёшлар маблағ туфайли грант (scholarship) қидиришади. Лекин тест топширишга ва таваккал қилишга пули бўлмайди. Эндиликда IELTS, SAT, TOEFL, GMAT, GRE ва яна 13 хилдаги халқаро имтиҳонларда юқори натижа кўрсатган ёшларнинг имтиҳон харажати билан боғлиқ муаммолари бўлмайди. Унинг оиласи, ота-онаси ҳам давлатнинг ёрдамини ҳис қилади.

Биргина IELTS халқаро имтиҳонини Ўзбекистонда топширувчилар қайд этган ўртача натижа – 5,7 баллни ташкил этади. Таққослаш учун, Қозоғистонда бу кўрсатгич 6,1 баллни ташкил этади. Бу борада мамлакатимиз 34-ўринда турибди. Юқори натижа кўрсатган ёшларнинг имтиҳон харажатлари давлат томонидан тўлаб берилар экан, ёшлар юқори натижа учун, кўпроқ билим олиш учун ҳаракат қилишлари талаб этилади.

Иккинчидан, бизда чет элга ўқиш ёки ишлаш учун кетадиган аҳолининг зиёли қатлами асосан шу халқаро тест тизимлари орқали кетади. Эндиликда бизда бу зиёли қатламнинг базаси шаклланади. Бу — давлат учун ўта муҳим. Яаьни иқтидорли ва салоҳиятли ёшларнинг базаси яратилади.

Учинчидан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси учун яхлит тизим. Айнан шу Халқаро тест тизимларида юқори балл олган ёшларни давлат саралаб олиб, хорижий олий таьлим муассасаларига жўната олади.

2018-2020-йилларда “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендиалари орқали хорижда таълим олиш ва стажировка ўташ дастурларининг вилоятлар кесимидаги статистикасига кўра, жамғарманинг энг кўп стипендиати Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда — 695 нафар. Энг кам кўрсатгич эса Сирдарё вилоятига тўғри келмоқда — 2 нафар. Бундан кейинги ўринда Сурхондарё вилояти — 6 нафар. Бу кўрсатгичлар вилоятлар кесимида қаралганда жуда ҳам кам. Марказда кўп, вилоятда эса кам. Бу тизим орқали барчага тенг имкон берилмоқда.

Тўртинчидан, давлатнинг кадрлар сиёсати учун захира кадрлар тизимимиз яратилади. Албатта, тил биладиган, халқаро имтиҳонлардан юқори натижа кўрсатган ва хориждаги нузуфли олий таълим муассасаларида таҳсил олган минглаб кадрларни етиштирамиз.

Бешинчидан, бу механизм — билимли ёшларни қўллаб-қувватлаш, чекка жойдаги ёшларнинг ҳам сифатли таълим олишига, хорижнинг нуфузли таълим даргоҳларида таҳсил олишига ва албатта, давлатимиз учун фойдали кадр бўлиб етишишига кенг йўл очадиган тизим бўлади.”

Алишер Садуллаев ёшларга қарата:

“Ёшлардан талаб қилинаётган нарса — интилиш, ҳаракат ва билим олиш. Давлат бугун сиз ёшларга имкониятлар эшикларини очар экан, кун келиб, албатта, давлатимизни яна-да юксалтиришга ўз хиссангизни қўшишингиз лозим,- деган холда:

“Белни маҳкам боғланг, ёшлар! Замон сизники, имкониятлар сизники!”- дея сўзларини якунлади.