Ижара тўловни тўламаганлик учун ўлим: Флоридада полиция кўчириш пайти аёлни отиб ўлдирди

Флорида штатида полиция квартирада бир йилдан ортиқ яшаган ва ижара ҳақини тўламаган аёлни отиб ўлдирди. Бу ҳақида Local10 хабар берди.

Полиция томонидан 40 ёшли Стефани Никол Войкин эканлиги аниқланган аёл бир йил олдин Brickell First Apartmentsдаги дўстларининг зиёфатига борган, аммо шундан бери квартирани тарк этмаган.

Ушбу квартиранинг аввалги ижарачилари covid-19 пандемиясининг биринчи тўлқинида кетишган, аммо Войкин уларга эргашишдан бош тортган.

У ерда яшаган қўшнилар йил давомида 21 марта полицияга қўнғироқ қилишган. Кейинчалик, уни ҳайдаб чиқаришни талаб қилинган буйруқ чиқарилди, деб хабар беради Local10.

Расмийларнинг айтишича, 6 апрель куни мажбурий кўчириш билан шуғулланадиган полиция хизмати зобитлари квартирага келишган ва операция тинч ўтмаслигини тахмин қилишган. Эшикни таққилатиб у ерга келишларининг сабабини айтишган, аммо Войкин эшикни очишдан бош тортган.

Полициячилар эшикни бузиб киришган ва уларнинг сўзларига кўра, аёл уларга қарата ўқ узган, шундан сўнг ходимлардан бири жавоб қайтариб отган.

Яраланган Войкин касалхонага етказилган ва ўша ерда вафот этган. Ҳеч бир офицер зарар кўрмаган.

Войкин билан битта уйда яшаган қўшнилар унинг қуролланганлигини, баъзилари эса уларни қурол билан қўрқитганини даъво қилишди.

“Биз уйда мусиқани баланд овоз билан тинглаётгандик, у келиб эшикни тақиллатди ва бизга қуролини қаратди”, деб эслайди бир қўшниси.

Полиция ушбу аёлнинг ҳуқуқбузарлик тарихини кўтариб кўриб, Войкин аввал ҳам шу каби ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилганини айтишди.

Хусусан, 2019 йилда Маями-Бичдаги Surfcomber меҳмонхонасида полиция уни безориликда айблаб ҳибсга олган. Ўшанда у эркаклар ҳожатхонасидан чиқишни рад этиб, полицияга қаршилик кўрсатган.

2007 йилдан бери Войкин Палм-Бич округидаги камида тўртта майиший фуқаролик суд ишларига чақирилган.

Ҳозирда Флорида ҳуқуқни муҳофаза қилиш департаменти офицер билан отишмани ўрнатилган тартибга кўра текширмоқда.