Имом Бухорий номидаги масжид энди Индонезияда

Имом Бухорий номидаги ушбу масжид Ўзбекистоннинг Индонезиядаги Туризм элчиси Эко Шри Маргианти ташаббуси билан барпо қилинган бўлиб, масжид Гунадарма университети архитектор талабалари томонида лойиҳалаштирилган.

Мазкур масжид очилишида Туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов онлайн тарзда нутқ сўзлаб, Индонезия  мусулмонлари томонидан улуғ муҳаддис Имом ал Бухорийнинг номларига масжид барпо қилиниши икки халқ ўртасидаги биродарлик алоқаларини янада мустаҳкамлашини эътироф этди.

Унинг очилишида Ўзбекистоннинг Индонезиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Улуғбек Розикулов ҳам табрик сўзи билан иштирок этди ҳамда масжид учун эсдалик совғалари ҳадия қилди.

Ушбу масжиднинг қизиқ жихати шундаки, масжидни барпо этишда юртимизда мавжуд архитектура ечимлари асосида барпо этилди. Масжид нақшлари Шоҳи Зинда зиёратгоҳидан андоза олинган бўлса, масжид ғиштларини теришда Бухородаги Пойи Калон масжидига ўхшаш тарзда ёндашилган. Масжиднинг олд тарафида Ҳаст Имом масжидида мавжуд миноралар каби икки минора қад ростлаган.

Шунингдек, Индонезия Республикасида зиёрат туризмини тарғиб қилиш борасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Ислом академияси ва Ислом цивилизация маркази ва зиёрат туризм элчиси томонидан бир қанча ишлар амалга оширилди.

Манба: uzbektourism.uz