Индонезия телеканалларида “Ўзбекистонда рамазон” теледастури намойиш этилади

Хабар қилинишича, Индонезиянинг қатор ОАВ вакилларидан иборат делегация юртимизга келган. Мазкур делегация аъзолари 166 млн аудиторияга эга «АNTV», “CNN”, TVRI, RRI, TransTV, Trans7 va ASWA Muslim TV каби телеканал мухбирларидан ташкил топган бўлиб, улар икки ҳафта мобайнида республикамизнинг турли ҳудудлари жумладан, Тошкент, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилишади. ОАВ вакиллари ташриф мобайнида Индонезия миллий телевидениесининг бир неча каналларига “Ўзбекистонда рамазон” теледастури учун саҳарлик ва ифторлик вақтларида индонезиялик томошабинларга Ўзбекистоннинг муқаддас зиёратгоҳлари ва буюк уламолари ҳақида маълумот берувчи материаллар узатиб боришади.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Индонезия Республикасидаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур ҳамкорлик икки томон ўртасида туризмни янада ривожлантириш, индонезияликларни юртимизнинг қадим тарихи, мавжуд зиёратгоҳлари, буюк уламолар мероси билан таништириш орқали ислом динига оид янги маълумотларга эга бўлишига хизмат қилади.

Манба: Uzbektourism.uz