“Иннопром. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмаси очилди

Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида “ИННОПРОМ. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади. Юртимизда илк бор ўтказилаётган мазкур кенг кўламли тадбир Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги хамкорлигида ташкиллаштирилди.

Ўзбекистон, Россия, Франция, Германия, Чехия, Япония, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва бошқа мамлакатлар ҳукумат ва ишбилармон доиралари делегациялари қатнашаётган ушбу тадбирнинг бошланишигача унда иштирок этиш учун 5 мингдан ортиқ киши рўйхатдан ўтди ва дунёнинг 20 мамлакатидан 300 дан ортиқ компаниялар қатнашмоқда. Кўргазма дастури доирасида 15 га яқин кенг қамровли тадбирлар ва 200 дан ортиқ бизнес-учрашувлар ташкил этиш режалаштирилган.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад – халқаро саноат кооперациясини кучайтириш, илғор технологиялар ва инновацияларга асосланган қўшилган қиймат занжирларини яратиш ҳамда турли мамлакатлардан келган ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида узоқ муддатли шериклик муносабатларини ўрнатиш.

Кўргазманинг асосий бўлимлари орасида транспорт ва энергетика, шаҳарлар учун саноат IT-технологиялари, тиббий асбоб-ускуналар ва фармацевтика, металлургия ва полимер материаллар, шунингдек, енгил саноат ҳам бор.

Тадбирнинг биринчи кунида “Жаҳон саноат ишлаб чиқариш соҳаси ўсиш драйверларини аниқламоқда” мавзусида асосий ялпи мажлис бўлиб ўтди, унда иштирокчи давлатлар делегациялари раҳбарлари, йирик хорижий компаниялар, бизнес уюшмалари ва илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари томонидан маърузалар қилинди.

Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда изчил саноатлаштириш тенденцияси кузатилаётгани қайд этилди – ўтган 4 йил мобайнида республика ЯИМда саноатнинг улуши 26,6% дан 35,5% га, айрим тармоқларда эса саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 10 баробардан зиёд ошди..

Сессия якунида расмийлар кўргазмани кўздан кечирди. Унда делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон, Россия ва бошқа мамлакатларнинг йирик корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазма стендлари билан танишиш имконига эга бўлди.

Бундан ташқари, бизнес дастури доирасида “Ўзбекистон – Россия: саноат соҳасидаги мулоқот” ҳудудлараро форумини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, унда Ўзбекистон ва Россия ҳудудий маъмуриятлари, ҳудудий Савдо-саноат палаталари ва компаниялари раҳбарлари ҳудудлараро инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қиладилар, истиқболли инвестиция лойиҳаларини тақдим этадилар ва хорижий инвесторлар билан тажриба алмашадилар.  6 – 7 апрель кунлари иштирокчи мамлакатларнинг бизнес ва таълим доиралари иштирокида “Рақамли ишлаб чиқариш”, “Машинасозликда қўшма лойиҳалар”, “Ўзбекистонда халқаро ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиялаштириш”, “Шаҳарлар учун технологиялар”, “Энергетикада инновациялар”, “Коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш контекстида ЕОИИ фармацевтика бозорини ривожлантириш” махсус сессиялар, мавзули давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил қилинади.