ЖССТ: Барча ёш тоифалари орасида коронавирус билан касалланганлар сони кўпаймоқда

Душанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бутун дунё бўйлаб, барча ёш тоифалари орасида, “Ковид-19” инфекциясини юқтириш ҳолатлари кўпайганлигини тасдиқлади.

“Биз барча ёш тоифаларида юқиш даражаси ошиб бораётганини кўрмоқдамиз”, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фавқулодда вазиятлар дастури техник директори Мария Ван Керхов Женевадаги матбуот анжумани пайтида.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош эпидемиологи Ван Керховнинг қўшимча қилишича, ўтган ҳафта 5,2 миллион юқтириш ҳолати кузатилган, бу пандемия бошланганидан буён ҳафталик энг юқори кўрсаткич.

Айни пайтда, Ташкилот Бош директори Тедрос Адҳанум Гебреесус “Ковид-19 касаллиги кетма-кет саккизинчи ҳафтада кўпаймоқда”, деб таъкидлади.

Аммо Тедрос, 25 ёшдан 59 ёшгача бўлган одамлар орасида коронавируснинг жуда тез тарқалишидан, бу тез юқадиган штаммлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканлигини билдирди ва бу касаллик 9 ой ичида бир миллион кишини ҳаётдан олиб кетганини, 4 ойдан сўнг бу рақам икки миллионга етиши мумкинлиги, 3 миллион ўлим ҳолати эса атиги 3 ой ичида қайд этилганини таъкидлади.