Канадада “АстраЗенека” вакцинаси сабабли қон қуюқлашишидан биринчи ўлим қайд этилди

Канаданинг Квебек провинциясининг соғлиқни сақлаш идоралари Коронавирусга қарши “АстраЗенека” вакцинаси билан эмлашдан сўнг қон қуюқлашишидан биринчи ўлим рўйхатга олинганлигини эълон қилди.

Мазкур провинция Соғлиқни сақлаш бошқармаси 54 ёшли аёл вакцинани апрел ойи бошида олганини ва кейинчалик миясида қон қуйқаси пайдо бўлиши натижасида вафот этганини маълум қилди.

Квебек бош вазири Француа Лего марҳумнинг оиласига ҳамдардлик билдирди ва бундай бахтсиз ҳодисалар юз бериш эҳтимоли 100 мингдан бир эканлигини таъкидлади ва у вакцинанинг фойдаси хавфидан юқори эканлигига ишонч билдирди.

Ўз навбатида, Квебек Соғлиқни сақлаш бошқармаси директори доктор Ҳорасио Арруда провинсияда шу пайтгача 400 минг киши вакцинани олганлигини ва қайд этилган ўлим ушбу касаллик билан боғлиқ потенциал хатарлар доирасида эканлигини тасдиқлади.