Кореяда Рамазон шукуҳи!

Рамазон ойи кириб келиши билан шаҳарнинг марказий масжиди турли ўлкалардан келган мусулмонлар билан тўлиб тошади. Айниқса, катталар ва болажонлар учун учун ташкил қилинадиган Қуръон ва ҳадис мусобақалари, турли диний тадбирлар, ифторлик ва сахарлик дастурхонлари бу муборак ойга янада ўзгача шукуҳ бағишлайди.

Карислар ҳам Рамазон ойини, айниқса рўзадорларни жуда ҳурмат қилади. Оғир ишларда рўза тутган мусулмон ишчиларга бироз енгиллик қилиб беради. Карисларда ҳам рўзага ўхшаган ибодат бор экан, “таншик” дейишади.

Ўзимизга қайтсак, ифторлик ҳар куни масжидда, жамоавий дастурхон атрофида ўтказилади. Уйда деярли ҳеч ким қозон қайнатмайди. Аёллар учун алоҳида хонақоҳлар мавжуд бўлиб, улар ҳам турли миллатдан бўлган ўз диндошлари билан ифторлик қилиб, таровеҳ ободатларини адо этадилар. Кореялик Исломни қабул қилган мусулмонлар ҳам келади. Асосий мулоқот тили инглиз тили. Диний суҳбатлар, Рамазон фазилати ҳақидаги бир-биридан таъсирли мавъизалар тингланади.

Бу ойда айниқса болажонлар кўп ва хўп завқланади. Турли ўлкалардан келган ўз тенгдошлари билан мириқиб ўйнашади. Уларнинг мулоқот тили эса карисча. Сабаби, уларнинг деярли барчаси маҳаллий боғчага боради. Ўзбек болалари ҳам ўзаро карисча гапириб ўйнайди. Намоз вақти бўлиши билан охириги сафда туриб, ибодатни қоим қилишади.

Қадр кечаси. Рамазонинг бу кечасида намозхонлар уйга кетишмайди. Сахарлик вақтигача жамоавий ибодатлар, зикр ва тасбеҳлар билан машғул бўлишади. Бу кеча алоҳида дастурхон ёзилади. Ширинликлар улашилади. Қадр кечаси фазилатлари ҳақида суҳбатлар бўлади. Қиём ул-лайл намозлари ўқилади. Ер юзидаги бутун мусулмонлар ҳаққига дуо-ю фотиҳалар қилинади.

Ийд ал-Фитр. Кунларини очлик ва ташналик билан, кечаларини ибодат-у зикрлар билан ўтказган мусулмонлар жамоаси улкан байрам, Рамазон Ҳайитини нишонлашади. Бу куни масжидга одам сиғмай кетади. Шунинг учун, баъзан мактаб майдони ёки футбол стадионларини ижарага олишга тўғри келади. Аёллар, эркаклар, болалар ҳамма Ҳайит намозини ўқийди. Намоздан кейин мусулмонлар бир-бирларини бағриларига босиб Ҳайит байрами билан табриклашади. Намоздан кейин махсус ширинлик(ҳолватар) тарқатилади. Болажонлар эса катталардан ҳайитликлар олишади. Шундай қилиб бир ой давом этган фазилат ва раҳмат ойи мусулмонларни тарк этади.

Мусофирликда ибодатнинг мағизи қандайдир ширин бўлади. Инсон ўз дини, диндошларига ўзгача меҳр билан боғланади. Шунинг учун бўлса керак, Жанубий Кореяда ҳам мусулмонлар ўз юртларига қараганда анча фаол ва ҳамжихат. Ибодатларда ҳам сусткашлик унча кузатилмайди.

Бу йил, Рамазон ойини оилам билан Ўзбекистонда ўткизмоқдаман. Таассуротлар бисёр. Бу ҳақида алоҳида ёзаман.

Ойбек Эркин,
Кореяда фаолият юритувчи ватандош.