Марказий банк ўз фаолияти бўйича Сенатда ҳисобот берди

Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Марказий банкнинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот берди.

Ҳисобот йилида Марказий банк томонидан асосий эътибор ички нархлар ўсишини секинлаштириш орқали аҳолининг харид қобилиятини сақлаб қолиш ҳамда коронавирус пандемияси тадбиркорлик субъектлари ва банкларнинг молиявий ҳолатига салбий таъсирини юмшатиш ҳисобига иқтисодиётда мувозанатлашган молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилгани айтилди.

Сенаторлар Марказий банк фаолиятига оид қонунларга мувофиқ 2021 йилда алоҳида эътибор қаратилиши зарур бўлган бир қатор вазифалар хусусида ҳам сўз юритди.

Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлардан кредит ажратилиши тўғрисида келиб тушаётган мурожаатларнинг тижорат банклари томонидан муддатида кўриб чиқилмаслиги ёки кўриб чиқиш муддатларининг асоссиз чўзилиши ёки ҳеч қандай асосларсиз кредит беришни рад этиш, кредит учун гаровларни танлаш ва баҳолашдаги тизимли муаммоларга ва яня бир қатор камчиликларга муҳокама жараёнларида алоҳида эътибор қаратилди ҳамда ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.