Миллиардер Безос “SpaceX”нинг Ой космик кемасини ишлаб чиқаришига қаршилик қилмоқда

Миллиардер Жефф Безос билан боғлиқ бўлган Blue Origin аэрокосмик компанияси NASA томонидан SpaceX-га ой модулларини лойиҳалаштириш бўйича 2,9 миллиард долларлик шартномани бериш тўғрисидаги қарорига қарши чиқди.

Бу АҚШ Конгрессининг Бош тафтиш қўмитаси бу борада 175 бетлик ҳисоботини эълон қилгандан кейин бўлди.

16 апрель куни Американинг “SpaceX” компанияси Америка космонавтларини Ойга олиб чиқишга мўлжалланган космик кемани лойиҳалаштириш бўйича тендерда ютди. Тендерда SpaceXдан ташқари Blue Origin ва Dynetics ҳам иштирок этди.

Blue Origin томонидан эълон қилинган баёнотда NASA сўнгги дақиқада ўйин қоидаларини ўзгартиргандан сўнг нотўғри қарор қабул қилди, дейилади. Унга кўра, “NASAнинг қарори билан рақобат имкониятлари йўқ қилинди. Бу Американинг Ойга чиқиш жараёнига ҳам таҳдид қилади. Шунинг учун биз ушбу қарор юзасидан АҚШ Конгрессидаги текширув қўмитасига мурожаат қилдик”.

NASA 2019 йил баҳорида ой дастури бўйича “Artemis” лойиҳасини эълон қилди, у 2024 йилгача Америка астронавтлари Ой юзасига қўниши билан якунланиши керак.