Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Жамоат хавфсизлиги университети этиб қайта ташкил этилди

Президентнинг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Жамоат хавфсизлиги университети этиб қайта ташкил этилди.

Университет қуйидаги соҳалар учун малакали кадрларни мақсадли тайёрлашни амалга оширувчи базавий олий ҳарбий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди:

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия учун – жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасининг тегишинча жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва паспорт тизими талабларини амалга ошириш йўналишларида;

Қуролли Кучлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун –ҳарбий дипломатия, юриспруденция ва иқтисодиёт ҳамда муҳандислик-техник, тарбиявий-психологик ва қўмондонлик-тактик фаолият соҳасида;

ўз қўриқлаш тузилмаларига эга бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари учун – қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасининг барча йўналишларида.

Аввал хабар берганимиздек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, университетда бакалавриат ва магистратурани ўз ичига олувчи икки босқичли олий таълим тизими жорий этилган.