Ўзбекистон 2023 йилдан бошлаб кирилл ёзувидан бутунлай воз кечиш ва барча жараёнларда лотин ёзувига ўтиш арафасида

Мамлакатнинг 30 йиллик тарихида лотин ёзувига ўтиш бир қанча натижасиз кечгани сир эмас. Аммо бу галги  уринишлар мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг катта ва сезиларли ислоҳотлардан бири бўлиши кутилмоқда. 

Лотин ёзувига ўтиш бўйича аввалги муваффақиятсизликлар, ислоҳотга элтувчи режалар ва бу йўлдаги муаммолар борасида Kun.uz мухбири Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев билан интервью уюштирди. Қуйида ушбу сухбатдан намуна келтирилган.

Ўзбекистонда алифбо ислоҳоти йўлидаги аввалги уринишлар нега муваффақиятсизликка учради?

Абдуғаффор Қирғизбоевнинг айтишича, ислоҳотгача бўлган жараёнлардаги хатоликлар, ўзбек зиёлиларининг сусткашлиги ва юқори раҳбариятнинг бунга муносабати ислоҳотлар муваффақиятсизлигига асосий сабаблар эди.

«1991 йилда совет иттифоқи парчаланар экан, ундан мустақил бўлган давлатларда ўзликни топиш, қадриятларини тиклашга интилишлар бошланди. Ўзбекистон парламенти ҳам 1993 йилда кирилл ёзувидан воз кечиб, лотин ёзувига ўтиш бўйича қонунни қабул қилди.

Бу қонун бўйича 2000 йилда Ўзбекистонда кирилл ёзувидан воз кечиб, лотин ёзувига ўтилиши керак эди. Аммо ўша пайтдаги кечиккан тайёргарлик жараёнлари, иродасизлик ва бошқа сабабларга кўра, бу ислоҳот амалга ошмай қолди.

Кейинчалик бу муддат 2005 йилга чўзилди. Лекин бу муддат келди ҳамки, турли сабаблар туфайли яна лотин ёзувига ўта олмадик. Ижро муддати 2010 йилга қолдирилди. Бу кечикишларда ўша пайт зиёлиларининг сусткашликлари ва масъулиятсизлиги ҳам катта роль ўйнади, дейиш мумкин.

Ишларнинг кейинги давомини ҳам биласиз, 2010 йилда ҳам биз лотин ёзувига тўлиқ ўта олмадик», – деди у.

Абдуғаффор Қирғизбоевнинг таъкидлашича, 11 февралдаги «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича «йўл харитаси» ва унда белгиланган муддат ҳукуматнинг кўрсатган иродаси билан боғлиқ.

«1989 йилдан то 2020 йилгача битта – «Давлат тили тўғрисида»ги қонун билан ишладик. Лекин охирги бир йилда Ўзбекистондаги тил сиёсати билан боғлиқ 17та ҳуқуқий, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди.

Бизга мана шу тайёргарликлар керак эди. Бу тайёргарликлардан кейин яқинда иш юритишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш бўйича йўл харитаси эълон қилинди.

Бундан лотин ёзувини ислоҳ қилиш масаласи ҳам ўрин олган.

Ҳозир 2021 йилнинг март ойида турибмиз. Йилнинг биринчи чораги якунланяпти. Биз 2023 йил 1 январидан бошлаб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига бутун мамлакат бўйлаб тўлиқ ўтамиз», – деди Департамент мудири.

Янги 2 йиллик муддат ҳукуматнинг иродасизлигини билдирадими?

Айримлар кирилл ёзувидан воз кечиш ва лотин ёзувига ўтиш бўйича муддатнинг 2023 йил 1 январгача қилиб белгиланиши жуда узоқ ҳамда бу узоқ муддат ҳукуматнинг иродасизлиги, деб баҳоламоқда.

Бу каби фикрларга Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев интервью давомида шундай жавоб берди:

«Бошланган ва бўлаётган ишларнинг ўзида ҳукуматнинг қатъий иродасини кўриш мумкин. Ўзбекистондаги тил сиёсати бўйича барча ишлар бошида ҳозир шахсан президент ва ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов турибди.

Бугун мамлакатимизда кўп миллат ва элатли 35 миллион халқ яшайди. Биз уларнинг тилини ҳурмат қиламиз ва ривожланиши учун имконият яратиб берамиз. Умуман олганда, тил ва дин масаласи нозик масала. Бу ерда «етти эмас, етмиш марта ўлчаб» хулоса қилиш керак.

Шу нуқтайи назардан бизга маълум вақт керак эди. Яъни биз шу икки ёки уч ой ичида 1993 йилда қабул қилинган қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар тайёрлаймиз. Бу жараёнда алифбомиз ҳам ўзгаради. Табиийки, алифбога ўзгартиш ва қўшимчалар парламентдаги қонун билан амалга оширилади. Биз мана шу ишларга тайёргарлик кўришимиз керак.

Шунингдек, 2023 йилдан ўтамиз дегани шу йилгача кутиб ўтирамиз дегани эмас», – деди Қирғизбоев.

Департамент мудирининг савол юзасидан қўшимча қилишича, Ўзбекистон аҳолисининг 50 фоиздан ортиқроғи ёшлар ва улар лотин ёзувида савод чиқарган. Бу лотин ёзувига ўтиш бўйича катта асос.

«Биз 2022 йилдан бошлаб барча илмий иш ва диссертацияларни ҳам лотин ёзувига ўтказамиз. Бу жараёнда, шунингдек, дарсликлар, оммавий ахборот воситаларини лотин ёзувига ўтказиш ва ёзувни билмайдиганларни ёзувга ўргатиш масаласи бор.

Биласиз, Ўзбекистонда яқинда қабул қилинган қарор бўйича ҳар қандай раҳбарлик лавозимига қўйилувчи шахслар аввало давлат тилини билиш даражаси бўйича тест топширади.

Мана шу тестдан яхши ўтганлар раҳбарликка қўйилади, ўтолмаганлар эса йўқ. Бу ёғига бир ярим йилдан кўпроқ вақт қолди. Қайтараман, охирги муддат 2023 йилнинг 1 январь куни», – таъкидлади Абдуғаффор Қирғизбоев.