Ўзбекистон ва Қатар алоқаларини ривожлантириш муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг маьлумотларига кўра жорий йилнинг 11-апрель куни Доҳа шаҳрида Қатар Давлати Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жосим Ол Соний билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов музокаралар олиб боришди.

Мулоқот давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари, томонларнинг халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон-Қатар ҳамкорлигини янада ривожлантиришдан томонлар манфаатдор эканлиги ва уни кўп қиррали жиҳатга йўналтиришга хайрихоҳлиги билдирилди.

Вазирлар яқинда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашувларнинг самарали натижаларини мамнуният билан қайд этдилар ва барча даражаларда конструктив мулоқотни давом эттириш зарурлигини таькидладилар.

Қатар Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири барча соҳаларда аниқ натижаларга эришишга қаратилган икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги даражасини юқори баҳолади. Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик Қатар ташқи сиёсатида устувор ўринлардан бирини эгаллайди.

Маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ўзаро алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эьтибор қаратилди.

Суҳбат давомида томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.