Президент мактабларига ишга кирмоқчи бўлган ҳамда ўқимоқчи бўлганлар учун маълумотлар берилди

АОКАда бўлиб ўтган брифингда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ҳамда ҳудудларда қурилаётган Президент мактабларига ишга кирмоқчи бўлган педагог кадрларга ва ушбу мактабда таълим олиш истагида бўлганларгаПрезидент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова  қуйидаги маълумотларни берди.

Унга кўра, бугунги кунда фаолият юритаётган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ҳамда ҳудудларда қурилаётган Президент мактабларига малакали педагог кадрларни жалб қилиш, уларни саралаш мақсадида Агентлик томонидан job.piima.uz сайти ташкил этилган бўлиб,

педагог кадрларга  танлов қуйидаги уч босқичда ташкил этилади:

Веб-сайтда ариза бериш ва ҳужжатларни тақдим қилиш;

тест синовлари;

суҳбат (онлайн/офлайн)

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар мувофиқ шаклда job.piima.uz веб-сайт орқали мурожаат қилиши лозим.

Тест Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат килиш давлат инспекцияси томонидан тузилган тест синовлари асосида ўтказилади. Номзод онлайн тест-платформаси орқали ёки қоғоз варианти шаклида 40 саволдан иборат тест топширади. Тест синовлари 100 баллик тизимда бўлиб, ундан 50 ва ундан юқори балл олган номзод суҳбатга чақирилади.

Суҳбат жараёнида берилган саволлар ва уларга берилган баллар махсус шаклда қайд этилади. Суҳбат якунлари бўйича комиссия аъзолари томонидан номзодга қўйилган баллар автомат тарзда умумлаштирилади ва ўртача балл ҳисоблаб чиқарилади. Суҳбат жараёнида 65 баллдан юқори олган номзод ишга таклиф қилинади.

Шунингдек, агентлик тизимидаги Президент мактабларида таълим олиш учун талабгорлар 2020-2021 ўқув йилини қуйидаги фанлар бўйича аъло баҳоларга тамомлаган бўлишлари шарт. 

4- синф учун математика, табиатшунослик. 

5- синф учун математика, биология, информатика ва ахборот. технологиялари.

6- синф учун математика, биология, информатика ва ахборот технологиялари ҳамда физика.

7-8-9 синфлар эса, алгебра, геометрия, биология, информатика, ахборот технологиялари, физика ва кимё фанлари.

Шу билан бирга, талабгор ўқиётган мактаб, Президент мактаби ҳудудига яқин жойда жойлашган бўлиши лозим.