Рўзадор саволларига жавоблар

Cавол: Рамазон ойида туғилган фарзандларга хослаб исм қўйиш шартми? Масалан, Рўзивой ёки Рамазон сингари исмларни.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Шариатимизда Рамазонда туғилган болага рўзага мослаб исм қўйиш шартлиги ҳақида кўрсатма йўқ. Баъзиларнинг: “Бола Рамазон ойида туғилса, Рамазон, Рўзи ва Ҳайит исмини қўйиш керак” деган ва яна шунга ўхшаш гаплари асоссиз ва динимизга алоқаси йўқдир. Мусулмончилик анъаналарига кўра Аллоҳ таолога бандалик маъносини ифодаловчи, пайғамбарлар, саҳобалар, алломалар, солиҳ кишилар ва тақволи оналаримизнинг исмларни қўйиш мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам.

Cавол: Саҳарликни тақвимда кўрсатилган вақтдан 10-15 минут ўтказиб қилса бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Йўқ, бўлмайди. Тақвимда кўрсатилган вақтдан ўтказмаслик керак, иложи бўлса эҳтиётини олиб, кўрсатилган вақтдан 5-10 дақиқа олдин еб-ичишни тўхтатиш зарур. Чунки тонг отгандан кейин саҳарлик қилган киши рўзани бузган бўлади ва Рамазондан кейин бир кун қазо тутиб беради.

Агар киши ўйғонганда саҳарлик қилишга вақт қолмаган бўлса, ҳеч нарса емай-ичмай, рўза тутишни ният қилади. Саҳарликдан қуруқ қолган бўлса ҳам, рўзаси дуруст бўлади. Баъзилар саҳарликдан кеч қолган бўлса ҳам, нимадир еб ёки ичиб оғиз ёпиш керак, деб хато қилишади. Чунки саҳарлик қилиш фарз эмас, бунинг устига саҳарлик вақти ўтгандан кейин бирор нарса еб ё ичиб оғиз ёпса, ўша кунги рўзасини бузиб қўйган бўлади. Натижада Рамазондаги бир кунлик рўзанинг савобидан маҳрум бўлади. Бу савобни бошқа ойларда қанча рўза тутса ҳам топа олмайди.Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.