Самарқанд аэропорти Ўзбекистоннинг сайёҳлик дарвозасига айланади

Айни дамда реконструкция ишлари олиб борилаётган Самарқанд халқаро аэропортида янги терминал ишга тушгач, йилига 1,5 миллион йўловчига хизмат қилади. Бу ҳақда туризм ва спорт вазири ўтказилган пресс-ҳисоботда маълум қилган. Унда  айтилишича, 390 мингга яқин йўловчига хизмат қилган мазкур аэропортда бу йил терминал узоқ вақт ишламагани учун атиги 165 минг йўловчи ҳаракатланиши кутилмоқда. Аэропортда «бешинчи даражали ҳаво эркинлиги» тизими амалда бўлади. Бу Самарқанднинг ўзига хос ҳабга айланишига имкон беради ва Самарқанд аэропорти Ўзбекистоннинг сайёҳлик дарвозасига айланади.

Туризм ва спорт вазирининг айтишича, вазирлик Саудия Арабистонида ваколатхона ташкил этмоқчи. Унинг вазифалари «Умра+» дастури бўйича Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Покистон каби давлатлардан Ҳажга борадиганларнинг йўналишини айнан Самарқанд ёки Бухоро орқали амалга ошириш бўлади. Яъни ваколатхона айнан шу давлатлар фуқаролари орасида Самарқанд ва Бухородаги зиёрат туризмини тарғиб қилади. Самарқандда туризмни ривожлантириш учун меҳмонхоналар жуда зарурлигини ҳисобга олиб, 2025 йилгача 94 та меҳмонхона қурилиши режалаштирилган. Умумий ҳисобда меҳмонхоналар борасида 220 та лойиҳа бор. Шунингдек, туристик қишлоқларни ташкил этиш ҳам давом эттирилади. Ургут туманидаги Терсак қишлоғи, Пайариқ туманидаги Чоштепа қишлоқлари худди Самарқанд туманидаги Конигил қишлоғи каби туристик қишлоққа айлантирилади.

Манба: Kun.uz