Хатайдаги Aфғонистонлик ўзбеклар ва уларнинг миллий таомлари

1970-йилларда Афғонистонда бошланган сиёсий нотинчликлар ва фуқаролар уруши туфайли ватанларини тарк этишга мажбур бўлган инсонларнинг орасида ўзбеклар ҳам бор эди. Расмий маълумотларга кўра, Афғонистонлик ўзбеклар Туркияга илк бора 1982 йилда келадилар ва бир нечта вилоятларга жойлашадилар. Буларнинг орасида мамлакатнинг жанубидаги Хатай вилояти ҳам бор эди. Ҳозирда бу вилоят маркази Антакяга яқин бўлган Овакент маҳалласида 39 йил олдин кўчиб келган ўзбеклар тинч-тотув яшаб келмоқдалар. Уларнинг кўпчилиги Афғонистонда деҳқончилик ва чорва билан шуғулланганлари учун янги ватанларида ҳам шу касб билан машғул бўладилар.

Бу ўзбек отахон ва онахонлар ўз ҳикояларини баъзан фақат бир бўлак қора нон, баъзан бир тилим қовун еб кечирган, гоҳи эса егани ҳеч нарса топа олмаган кунларини, ёки уйга қачон қайтишларини сўраб катталарни ҳол-жонига қўймаган пайтларини эслаш билан бошлайдилар. Қанчалик ўз ватанларидан узоқда бўлсалар ҳам, миллатдошларимиз асрларга тенгдош урф-одат ва қадриятларини сақлаб қолишга катта эътибор беришгандир.

Мазали таомларга эга бўлган ўзбек халқининг Хатайдаги вакиллари Ўзбекистондаги ўзбекларнинг кундалик ҳаётда ишлатадиган масаллиқларнинг баъзиларини Туркияда топиш қийин эканлигидан бироз шикоят қиладилар.Масалан, кўк чой ва Хоразмнинг машҳур девзира гуручини чет элдан олиб келиш керак. Айниқса, кўчиб келганларнинг илк авлоди бу икки масаллиқнинг уларнинг димоғларига ватан ҳавосини олиб келишини ғамгингина бир хўрсиниш билан айтадилар.

 Овакентда фақат ўзбекларгагина оид бўлган музқаймоқ тайёрланади. Бунинг учун янги соғилган сигир сутига ҳил (кардамон) ва буғдой крахмали аралаштирилади. Маҳалладан ўтган сайёҳлар бу ажойиб ширинликни емасдан кетмайдилар.

Овакентдаги ўзбеклар маҳаллий турклар орасида урф бўлган турк қаҳвасига ўрганмаганлар ва бунинг ўрнига тарихий ватандан ёки Эрондан олиб келинган кўк ва қора чойни ичадилар.

Кундалик ҳаётда тандирда ёпилган нон ҳам муҳим ўрин тутади. Гарчанд Хатайда ҳам маҳаллий нон тандирда ёпилса ҳам, ўзбек нони ширинроқ ва чакич (маҳаллий шевада нампар) ёрдамида берилган нақшлари билан машҳурдир.


Бу таомлар ҳақида гапирар эканмиз, Хатайдаги ўзбек дастурхонининг шоҳ асарлари ҳисобланадиган палов ва мантини тилга олмасликни иложи йўқдир.

Хатайга кўчиб келиб, маҳаллий шарт-шароитларга мослашиб кетган ўзбеклар вақт ўтиши билан паловга эритилган қўй ёғи ва пахта ёғининг ўрнига зайтун ёғи ишлатишни бошлайдилар.

Уйга меҳмон келганда мутлақо пишириладиган овқатлардан бири эса мантидир. Туркларда ҳам бу таом бор, лекин турк ва ўзбек мантиси орасида катта фарқ мавжуддир. Таққослаш учун юқоридаги суратларга қаранг.

Овакентдаги миллатдошларимизнинг ҳикоя қилишича, янги келган пайтларида маҳаллий далаларда афғон қовунини етиштиришга ҳаракат қилишибди, лекин ҳосил олишнинг асло иложи бўлмабди. Шунга қарамай, ҳар йили Туркияга мингларча километр масофадан, яъни Ўзбекистондан Термиз қовунини, Афғонистондан эса Маймана қовунини олиб келадиганлар бор.

Навруз байрамида эса сумалак пиширилади. Ўзбекистонда бўлгани каби, сумалак қайнаган дошқозон атрофида ёшу-яланг, кексаю кичик тўпланади, тарихий ватанлари ҳақидаги ҳикояларни тинглашади, лапарлар айтиб, ғазалхонлик қилишади. Бу жараённи суратга олиш учун ҳар йили кўплаб ажнабий сайёҳлар ва мухбирлар Хатайга ташриф буюришади.

Хатайдаги ўзбеклар уйга келган меҳмонга юз-қўлларини чайиб олиши учун офтобадан сув қуядилар ва уйнинг тўрига ўтказадилар. Дастурхонга чой тортилади ва ширин суҳбат бошланади. Меҳмондорчилик яна чой билан якун топади.

Саида Дариева тайёрлади